«Газета.uz» 2022 йил 1 майдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари кучга кирди

Вазирлар Маҳкамасининг 12 апрелдаги [172-сон] қарори билан Йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланди.

Унга кўра, аҳоли пунктларида транспортларнинг тезлигини соатига 70 кмдан, мактаб ва боғчалар атрофидаги йўлларда 300 метргача масофада 30 кмдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 кмдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Бунда президентнинг тегишли қарори билан ташкил этилган Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги республика комиссияси қарори асосида Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги йўл ҳаракати қатнови юқори бўлган ва аҳоли гавжум ҳудудларда транспорт ҳаракатланишининг юқори тезлиги соатига 60 км этиб белгиланиши мумкин. Шу ва бошқа ўзгартишлар ҳақида «Газета.uz» қатор (1, 2, 3) хабарларни эълон қилганди.


2. Пенсия ва нафақалар 12 фоизга оширилди

Президентнинг 29 апрелдаги [ПФ-128-сон] фармонига асосан 1 майдан бошлаб пенсия ва нафақалар 12%га оширилади.

Ўзбекистон ҳудудида:

  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 324 000 сўм;
  • ёшга доир энг кам пенсия миқдори — ойига 633 000 сўм;
  • ногиронлик пенсиялари, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — ойига 698 000 сўм;
  • меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 698 000 сўм этиб белгиланиши кўрсатилган;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 500 000 сўм;
  • иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 500 000 сўм;
  • боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 500 000 сўм этиб белгиланди.

3. Олд ўриндиқда ўтирган йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақиши шарт

1 майдан кучга кирадиган янгиланган Ўзбекистон Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, транспорт воситаларининг олд ўриндиғида ўтирган йўловчилар хавфсизлик камарларини тақиб олишлари шарт бўлади.

18 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ вакили Азиз Раҳматуллаев йўловчининг ўзи хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримани тўлашини, чунки қоидабузар унинг ўзи эканлигини айтганди.


4. Пенсияни пластик картага олувчиларга 1 фоиз қўшимча пул берилади

Президентнинг 7 апрелдаги [ПҚ-198-сон] қарорига мувофиқ, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилганларга ва жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга бериладиган тўловлар ҳар ойнинг 5-санасигача молиялаштирилади ҳамда АТ «Халқ банки»нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади.

«Халқ банки» томонидан пенсия, нафақалар ва моддий ёрдамни фуқароларга нақд етказиш хизматлари учун Пенсия жамғармаси ва бюджетдан 1 фоиз банкка хизмат ҳақи тўлаб берилади. Пенсия, нафақа, компенсациялар ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.


5. Мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам берилади

Президентнинг 1 мартдаги [ПҚ-149-сон] қарори билан мувофиқ, ҳар йили ҳоким ёрдамчилари ёзма тавсияномасига асосан:

  • боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
  • меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 350 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
  • меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистонда улар билан бирга яшовчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади.

Шунингдек, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «дафтарлар»дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.


6. Халқаро аэропортларда авиаспоттингга рухсат берилади

Ҳукуматнинг 26 январдаги [43-сон] қарори асосида 1 майдан Ўзбекистондаги халқаро аэропортларда ависпоттинг — белгиланган тартибга асосан аэропортларда ҳаво кемалари ҳаракатини ҳамда парвозини кузатиш, шунингдек уларни профессионал ва ҳаваскорлар (авиаспоттерлар) томонидан фото, видео тасвирга олишни амалга ошириш йўлга қўйилади.

Республикадаги барча халқаро аэропортларда, уларга туташ ҳудудларда авиаспоттинг машғулотлари учун ихтисослаштирилган жойлар (кузатиш майдончалари) босқичма-босқич ажратилади.

1 майдан маҳаллий ҳаваскорлар ва профессионал авиаспоттерлар учун ҳар чораклик мавсумий танловлар, шунингдек, ҳар йилги танловлар таъсис этилади ҳамда ташкил қилинади.

1 майгача биринчи босқичда Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти ва «Самарқанд» халқаро аэропортида, 2022 йил 1 июлдан — қолган барча халқаро аэропортлар ҳудудида авиаспоттинг билан шуғулланиш учун кузатиш майдончалари тўлиқ фаолият кўрсатади.


7. Ёшларнинг туризм йўналишидаги ташаббусларига 50 млн сўмдан грант ажратилади

Президентнинг 15 январдаги [ПФ-52-сон] фармонига кўра, 1 майдан ёшларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир ташаббускорга 50 млн сўм миқдорида жами 10 млрд сўмгача грантлар ажратилади.

Бунда грант маблағлари:

  • онлайн тўловларни қабул қилувчи веб-сайт яратишга, хориждаги туризм кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этишга йўналтирилади;
  • грант маблағлари хориждан Ўзбекистонга 3 йил камида 200 нафар туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан ажратилади.

8. Маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг маоши хонадонлар сонига мутаносиб белгиланади

Президентнинг 1 мартдаги [ПҚ-146-сон] қарорига кўра, 1 майдан маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:

  • хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 баравари (2 млн 877 минг сўм) миқдорида;
  • хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада — МҲТЭКМнинг 4 баравари (3 млн 288 минг сўм) миқдорида;
  • хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада — МҲТЭКМнинг 4,5 баравари (3 млн 699 минг сўм) миқдорида.

9. Хорижликлардан Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиб олишда яшаш гувоҳномаси талаб этилмайди

Президентнинг 8 апрелдаги фармонига мувофиқ, чет эл фуқароларига Ўзбекистонда кўчмас мулк олиш тартиби енгишллаштирилди.

Рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилади:

  • Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 минг АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;
  • бошқа ҳудудларда — қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 минг АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.

Бунда, мазкур кўчмас мулк объектларини сотиб олиш хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтиш ва яшаш гувоҳномасини олиш учун асос бўлмайди.


10. «Автомобиль тарихи» хизмати йўлга қўйилди

Ҳукуматнинг 9 мартдаги [106-сон] қарори билан «Автомобиль тарихи» маълумотларини шартномавий асосда ДХМ, ЯИДХП (my.gov.uz) ёки веб-сайтлар ва уларнинг иловалари орқали аниқлаш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилади.

Автотранспортни техник кўрикдан ўтказиш жараёнида автотранспортнинг босиб ўтган масофаси ҳақидаги маълумотлар, жумладан, техник кўрикдан ўтказувчи тадбиркорлар томонидан ҳам мажбурий тартибда ахборот тизимига киритилади.


11. Ягона тергов ахборот тизимининг синов версияси ишга туширилади

Президентнинг 28 январдаги [ПҚ-105-сон] қарорига асосан суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини рақамлаштириш ва ишни судга қадар юритиш бўйича «Электрон суриштирув ва дастлабки тергов» ахборот тизими жорий этилади. Тизимдаги жисмоний ва юридик шахсларга оид маълумотлар суриштирув ва тергов органларининг сўровига кўра тақдим этилади.

Мажбурий ижро бюросининг 1 майдан Ягона тергов ахборот тизими синов версияси, 2022 йил 1 августдан тўлиқ версияси ишга туширилади.