29 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [230-сонли] қарорни имзолади.

1 июндан «Ишга марҳамат» мономарказларида инклюзив таълим асосида касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси билан бир вақтда, БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик стипендия тўлаб берилади.

Ҳужжатга кўра:

  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уларга давлат томонидан иккиламчи бозордан олиб берилган уй-жойларни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўз номига расмийлаштиришда нотариус ва кадастр хизматлари учун (олди-сотди шартномаси ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш) давлат божи тўламайди;
  • етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган нодавлат олий таълим муассасалари талабаларига ҳам давлат ОТМдаги каби озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситалари харид қилиш учун маблағ ажратилади;

1 июлдан бошлаб:

  • Давлат бюджетидан оилавий болалар уйларининг сақлаш харажатларига маблағ ажратишда бир нафар тарбияланувчига тўғри келадиган харажатлар ҳамда болалар сонидан келиб чиқиб, зарур маблағлар коммунал харажатлар билан бирга ота-оналар номига очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилади;
  • жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда ҳамда ногиронлиги бўлган болалар касб-ҳунар мактабларида ишловчи техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз миқдорда устамалар тўланади.

Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар Республика мақсадли китоб жамғармаси орқали бадиий адабиётлар билан мунтазам таъминланади. Бунинг учун ҳар йили 5 млрд сўм йўналтирилади.

Шунингдек, 2023−2025 йилларда 10 та ҳудудда реабилитация марказига эга бўлган «Имкон» кўп тармоқли ихтисослашган мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш чоралари кўрилади.