Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 30 апрель куни пойтахтда тунги автопойгалар билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.

У пойтахтда дрифт ва пойга ўйнаш масалалари ривожланиб бораётгани ва бунинг оқибатида ички ишлар органлари дрифт қилганларни 10−15 суткага қамаш жазосини қўллаётганини таъкидлади.

«Олдиндан бирор муаммо чиқса ёки ички ишлар ходимлари ишлашига комфорт бузилса, тақиқ билан ишлаяпмиз. Демакки, ёшларда дрифт қилишга, пойга ўйнашга эҳтиёж бор. Бу дунёда халқаро спорт даражасига чиққан», — деди у.

Ҳокимнинг фикрича, ҳар нарсага таъқиқ қўймасдан, унинг олдини олиш ва ёшлар билан гаплашиб, улар нима сабабдан автопойгаларга қизиқишини ўрганиш керак.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкет шаҳри атрофидаги собиқ «Ватанпарвар» автомактабларининг бўш турган полигонларини ажратиб бериш ҳамда пойтахтда автоспортни ривожлантириш, халқаро чемпионатларни ташкиллаштириш ва бунга туристларни жалб қилишни таклиф қилди.

«Нимага шу жойларни қилиб бермаймиз, ҳар нарсага фақат тақиқ қўямиз?.. Бу ҳеч қанақа жамоатчиликка зарар берадиган спорт эмас. Бу шунчаки ёшларнинг қизиқиши, ҳаваскорлик даражасида қараган маъқул», — деди у.

Тошкент ҳокими зарур бўлса янги полигон қуриш масаласи ҳам кўриб чиқилишини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатов бу масалани ўрганиб чиқишини қайд этди.