29 апрель куни Кобулдаги Халифа Соҳиб сўфий масжидида портлаш содир бўлиб, камида 10 киши ҳалок бўлди, 15 киши оғир яраланди, дея хабар бермоқда БМТ ахборот хизмати.

Қурбонлар сони ҳақидаги тахминлар бир-бирига зид. Маҳаллий касалхоналар ярадорлар ва ҳалок бўлганлар сони ўзгариб бораётгани ҳақида хабар беришмоқда, Reuters масжид имомига таяниб, 50 дан ортиқ ўлим ҳолати ҳақида маълум қилди. Портлаш масжидни вайрон қилган ва намоз вақтида бинонинг томи қулаб тушган.

БМТ Афғонистон провинциялари ва Кобулда мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида тинч аҳолига қарши уюштирилган серияли қонли ҳужумларни кескин қоралади.

«Муборак Рамазон ойининг сўнгги жума куни содир бўлган портлаш ҳали ҳам доимий хавф ва зўравонлик остида қолаётган Афғонистон халқи учун навбатдаги оғриқли зарба бўлди», — деди БМТнинг Афғонистондаги гуманитар масалалар бўйича координатори Рамиз Алакбаров.

БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш бўйича миссиясининг (UNAMA) баён қилишича, Кобул, Қундуз ва Мозори-Шарифда содир бўлган сўнгги пайтлардаги портлаш ҳазора, шиа ва сўфий қатламни нишонга олган кўринади.

Бундан олдин, пайшанба куни Балхдаги Мозори Шарифда иккита йўловчи микроавтобуси портлатиб юборилган, натижада 9 киши ҳалок бўлган ва камида 15 киши жароҳатланган эди. Ўтган жума куни Қундуздаги масжидда 33 киши ҳалок бўлган. 19 апрель куни Кобулнинг шиа маҳалласидаги ўғил болалар мактабларида портлашлар содир бўлди.

«Ҳужум… инсон ҳаёти ва диний қадриятларни бутунлай менсимайди. Ибодатхонага қарши қилинган бу жирканч ҳаракатни қоралаш учун кучли сўзларнинг ўзи йўқ», — дея изоҳ берди БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Метте Кнудсен.

У Афғонистонда тинч аҳоли, этник ва диний қатламга қарши давом этаётган ҳужумлар ташвишли тенденция эканини таъкидлаб, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларининг бузилишини зудлик билан тўхтатишга чақирди.