Олий таълим муассасаларининг халқаро рейтинги ҳисобланган Times Higher Education ўзининг 2022 йил учун THE Impact Rankings натижаларини эълон қилди. Унда Ўзбекистоннинг 30 та олий таълим муассасаси ўрин олди.

THE Impact Rankings рейтинги Буюк Британиянинг Times Higher Education ташкилоти томонидан эълон қилинади. Мазкур рейтингнинг асосий мақсади БМТ томонидан 2030 йилга қадар мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга оширишда олий таълим муассасаларининг таъсирини баҳолашдан иборат. Илк рейтинг 2019 йилда эълон қилинган.

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, 2022 йилда ушбу рейтингда 110 давлатдан 1500 дан ортиқ ОТМ иштирок этган.

Ўзбекистондаги ОТМлар орасида Тошкент давлат аграр университети 56.6 кўрсаткич билан мингталикдан ўрин олди. Таъкидлаш керак, мазкур рейтингга Ўзбекистондаги хусусий ОТМлар орасидан фақат Акфа университети кира олга.


Жадвал: Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги

Маълумот учун, Барқарор ривожланиш мақсадлари халқаро ҳамкорликнинг 2030 йилга қадар эришиладиган 17 та мақсадлар тўпламидир. У барча миллатларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, гендер тенглиги, қашшоқлик, очлик ва глобал иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш, таълим, ичимлик суви, иш ва арзон энергия таъминотини яхшилаш, ижтимоий адолат ва тинчлик ғояларини тарғиб қилишга қаратилган.