Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилаётгани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси ахборот хизмати маълум қилди. «Газета.uz» Сенат матбуот хизматидан киритилаётган ўзгартиришларнинг қиёсий жадвалини олди.

Муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан амалдаги қонунчиликда уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўп квартирали уйга туташ ер участкаси ободонлаштирилса, аҳолига бошқа хизматлар кўрсатилиб, ишлар бажарилган тақдирда, тегишли солиқ тўловларидан озод этилади. Бироқ бошқарувчи ташкилотларга нисбатан ушбу имтиёзлар татбиқ этилмаётгани «турли келишмовчиларни юзага келтириши» қайд этилди.

Шу боисдан қонун билан Солиқ кодексига бошқарувчи ташкилотлар учун солиқ имтиёзлари киритилмоқда:

  • бошқарувчи ташкилотлар ёки кўп квартирали уйларни бошқарувчилар томонидан умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини ободонлаштириш бўйича кўрсатилаётган хизматлар ҳамда бажарилаётган ишлар бўйича айланмалар солиқ солишдан озод қилинади;
  • бошқарувчи ташкилотлар ёки кўп квартирали уйларни бошқарувчилар томонидан умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини ободонлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлардан ҳамда бажарилган ишлардан олинган маблағлар Солиқ солишда ҳисобга олинмайдиган даромадлар бўлади;
  • бошқарувчи ташкилотлар ёки кўп квартирали уйларни бошқарувчилар томонидан умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини ободонлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Бундан ташқари, Ер кодексига ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда. Уларга кўра, кўп квартирали уйлар ёнидаги ер участкалари солиқ солиш объектларига кирмайди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги кўп квартирали уй-жойлардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги низом киритилди.

Қонунга кўра, инспекцияларга қуйидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш топширилмоқда:

  • Турар жойлардан фойдаланиш қоидаларини, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини, кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш — фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
  • Кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш — мансабдор шахсларга БҲМнинг 15 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
  • Кўп квартирали уйлардаги таянч ва тўсиқ конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ёки реконструкция қилиш, шу жумладан кўп квартирали уйларда ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморатлар (иншоотлар) қуриш ишларини амалга ошириш — фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 40 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни (тўсиқ конструкцияларга оид қисмида) биринчи марта содир этган шахс, агар у кўп квартирали уйдаги тўсиқ конструкцияларнинг амалга оширилган ўзгартирилишини ёки уларни реконструкция қилиш туфайли йўл қўйилган бузилишларни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни (иншоотларни), шунингдек уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади.

Ушбу қоидабузарликлар Сенат томонидан маъқулланган қонун билан тўлдирилган 159-моддада келтирилган.

Инспекция ушбу ишларни судга оширмасдан кўриб чиқади, лекин агар ҳуқуқбузар ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирмоқчи бўлса, иш судга кўриб чиқиш учун юборилади.

Инспекция бошлиғи ва унинг бўлинмалари бошлиқлари, шунингдек ҳудудий инспекциялар бошлиқлари инспекция номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима тарзидаги маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқига эга.

Сенат томонидан маъқулланган қонунда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартишлар киритилган.

Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасидаги назорат инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасида уларга берилган ваколатларга мувофиқ маъмурий, хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича судларга берилган даъволар ва аризалар, бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Қонун Ўзбекистон президенти томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Сенат тақдим этган маълумотларда «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар ҳақида маълумот йўқ. Бу масала сўнгги бир неча ой ичида тошкентликларнинг хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари бошқарувчи компанияларга қўшилишга мажбур қилинаётгани ҳақидаги кўплаб гувоҳликлари туфайли долзарб бўлиб қолди. Бироқ «Газета.uz» Сенатдан олган маълумотлар — ахборот характерига эга ва у расмий ҳужжат эмас. Сенат томонидан кўриб чиқилаётган қонунларнинг матнлари жамоатчиликка эълон қилинмайди.