Жаҳон банки аудиторлик эксперименти Ўзбекистонда ишга қабул қилиш жараёнида гендер тенгсизлиги ва номзодларнинг ёши билан боғлиқ кучли дискриминация (камситиш) мавжуд эканлигини кўрсатди. Тадқиқот натижаларига кўра, асосан «эркакларга хос» ва асосан «аёлларга хос» деб ҳисобланувчи мутахассисликлар мавжуд бўлган шароитда касб билан боғлиқ сегрегация, яъни ажратишлар кузатилади, айни пайтда иш берувчилар бўш иш ўринлари тўғрисидаги эълонларда иш излаётганларнинг жинси, ёши ва ташқи кўринишига қўйиладиган талабларни тўғридан-тўғри кўрсатиб ўтишади.

Иш берувчилар аксарият ҳолларда муайян касблар учун номзодларга гендер жиҳатидан афзаллик беришади, бу, ўз навбатида, ҳам эркаклар, ҳам аёлларнинг иш билан таъминланиш истиқболларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аёллар гендер сегрегацияси сабаб кўп ҳолларда кам ҳақ тўланадиган ишларда банд бўлишга мажбур бўлишади, бу эса иш ҳақи даражасининг пасайишига олиб келади. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2018 йилда Ўзбекистонда аёлларга тўланадиган ўртача иш ҳақи даражаси эркакларникига қараганда тахминан 39 фоизга кам бўлган.

Тадқиқот муаллифлари Севиля Муродова ва Уилям Зейцнинг таъкидлашларича, жинс билан боғлиқ касбий сегрегация Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашда гендер фарқлари пайдо бўлишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Бунинг сабабларини аниқлаш қўшимча тадқиқотлар ўтказишни талаб қилади.

Кўплаб мамлакатларда бўш иш ўринлари тўғрисида эълон бериш ва ишга ёллаш жараёнида бу сингари камситишларнинг олдини олишнинг қонуний асослари мавжуд. Масалан, АҚШда иш берувчи номзодларга ирқи, терисининг ранги, дини, жинси (жумладан, жинсий идентификация, жинсий ориентация ва ҳомиладорлик), миллати, ёши, ногиронлиги ёки генетик маълумотлари туфайли афзаллик берилишини назарда тутувчи ёки аксинча, ишга ёлланиш мақсадида ариза беришга рағбат уйғотмайдиган мазмундаги эълонларни жойлаштириш ҳуқуқига эга эмас.

Буюк Британияда иш берувчиларга бўш иш ўринлари ҳақидаги эълонларда муайян ижтимоий гуруҳларни камситиш ҳарактерига эга бўлган бандларни киритиш ёки назарда тутишга рухсат берилмайди. Европа Иттифоқида мавжуд қоидалар эса иттифоққа аъзо барча давлатларда иш берувчилардан ходимларни ишга ёллаш жараёнини ҳеч қандай камситишларсиз ташкил этишни талаб қилади.

Эркаклар ва аёлларнинг улар учун ноанъанавий ҳисобланган иш ўринларида банд бўлиши учун тенг имкониятларни тақдим этиш иш ўрни учун номзодларга қўйиладиган талаблар билан мақбул даражадаги мувофиқлик ва янада самаралироқ меҳнат фаолиятига эришиш ҳамда фирмалар фойдасини оширишга ёрдам беради. Муаллифлар меҳнат бозорига оид кўп сонли тадқиқотларга таяниб, касбий интеграция, умуман олганда, ҳар икки жинс вакилларига ўз инсон капитали воситасида компаниялар фаолияти самарадорлигини оширишга ҳисса қўшишлари учун имкон яратишини қайд этадилар.

Тадқиқотда 2020−2030 йилларга мўлжалланган гендер тенглигини таъминлаш Миллий стратегияси қабул қилиниши, аёллар меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш тўғрисидаги президент фармони ва бошқа ҳужжатлар Ўзбекистонда гендер қонунчилигидаги ижобий силжишлар сифатида қайд этилган.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, ҳозирги кунда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар Конституция ва бошқа тегишли қонун ҳужжатлари билан кафолатланганлигига қарамай, кўплаб соҳаларда, жумладан, табиий фанлар, технология, муҳандислик иши ва математикада (STEM) аёлларнинг иштироки ҳалигача етарли даражада намоён бўлмайди ёки улар иккинчи даражали ролларда қолиб кетмоқдалар.

Тошкент шаҳридаги меҳнат бозори бўйича тадқиқот ташқи аудит сўрови шаклида ўтказилган ва бунда асосий эътибор одатда иш излашга мўлжалланган маҳаллий веб-сайтларда эълон қилинадиган вакант лавозимлар, хусусан, бухгалтерлар, офис менежерлари, ахборот технологиялари бўйича мутахассислар, пайвандчилар, call-марказ операторлари ва ҳайдовчиларга қаратилган. Мазкур мутахассисликлар Ўзбекистонда энг кўп талаб қилинадиган мутахассисликларнинг йиллик рейтингидан жой олган.

Тадқиқотчилар бўш иш ўринлари учун онлайн эълонлар ҳамда иш берувчиларнинг иш излаётган эркак ва аёлларнинг резьюмеларига жавобларини таҳлил қилишган.

Энг кўп ҳолда «эркакларга хос» ва «аёлларга хос» деб ҳисобланувчи касблар

Тадқиқотлар давомида фаолият турига боғлиқ равишда эркаклар ва аёлларга нисбатан дискриминациянинг ниҳоятда сезиларли даражаси аниқланган.

Таҳлил қилинган бўш иш ўринлари орасида котиба излаётган иш берувчилар эълонларининг қарийб 68 фоизида номзоднинг жинсига, 72 фоизида ёшига ва 22 фоизида ташқи кўринишига қўйиладиган талаблар акс этган.

Бухгалтер лавозими учун берилган эълонларнинг 42 фоизи номзодлар жинси, 46 фоизи эса ёши билан боғлиқ талабларни ўз ичига олади.

Call-марказ оператори лавозими учун бўш иш ўринларининг қарийб 27 фоизида номзодлар жинси, 28 фоизида эса ёшига оид талаблар мавжуд.

Қайд этилишича, асосан эркаклар фаолият олиб борувчи касблар учун бўш иш ўринлари (жумладан, IT-мутахассислари, пайвандчилар ва ҳайдовчилар) эълонларида одатда жинс билан боғлиқ муайян талаблар кўзга ташланмаса-да, ўзбек ва рус тилларидаги матнда иш изловчиларга нисбатан кўпинча эркакларга нисбатан ишлатиладиган «у» ёки «унинг» олмошларидан фойдаланилган.

«Аёллар устунлик қиладиган касбларда эркак номзодларга нисбатан сезиларли дискриминация ва эркаклар устунлик қиладиган касбларда аёл номзодларга нисбатан сезиларли дискриминация кузатилади», — деб ёзмоқда муаллифлар.

Асосан аёллар банд бўлган иш ўринлари учун ариза топширганда, одатдаги аёл номзодлар 77 фоиз ҳолларда, эркак талабгорлар эса 27 фоиз ҳолларда жавоб қўнғироқларини олишган. У ҳолда иш излаётган эркак аёллар устунлик қиладиган касблар бўйича бир хил миқдордаги жавоб қўнғироқларини олиш учун ўртача ҳисобда 185 фоиз кўпроқ ариза топширишига тўғри келади.

Аксинча ҳолда, яъни асосан эркаклар банд бўлган иш ўринларига ариза топширганда, одатдаги аёл номзодлар 14 фоиз ҳолатда, эркаклар эса 25 фоиз ҳолатда жавоб қўнғироғини олишган. Бунда ўртача иш излаётган аёл эркаклар устунлик қиладиган касбларда бир хил миқдордаги жавоб қўнғироқларини олиш учун 79 фоиз кўпроқ ариза топшириши керак бўлади.

Масалан, бухгалтер бўлиб ишламоқчи бўлган эркак (аёллар билан) бир хил миқдордаги жавоб қўнғироқларини олиш учун 68 фоиз кўпроқ ариза топшириши керак, call-марказ оператори бўлиб ишламоқчи бўлган эркак эса — 45 фоиз.

Офис менежери сифатида фаолият юритиш истагидаги эркакларда жавоб қўнғироғини олиш эҳтимоли жуда паст. Ҳақиқий жавоб қўнғироқлари шу даражада кам эдики, ҳисоб-китобларга кўра, эркак номзод ўзи билан бир хил даражадаги тажрибага эга бўлган, бир хил иш ўрнига даъвогарлик қилаётган аёл билан бир хил миқдордаги жавоб қўнғироқларини олиш учун 5800 фоиз кўпроқ ариза топширишига тўғри келади.

Ҳайдовчи бўлиб ишлаш истагида бўлган аёл эса 171 фоиз кўпроқ ариза топширишига тўғри келади.