Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқади. Бу ҳақда ЎзЛиДеП фракцияси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди. Ўзгартиришлар бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларига қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар муддатини узайтиришни назарда тутади.

Йил бошидан 30 апрелга қадар ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш, ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод қилинган эди. Бу даврда Ўзбекистон ҳудудига мол, қўй ва товуқ гўшти, тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, картошка, музлатилган балиқ кабиларни олиб кириш ва реализация қилиш бўйича айланма ҳам ҚҚСдан озод қилинди.

Қонун лойиҳасида ушбу имтиёзларни (балиқ ва товуқ гўштидан ташқари) 2022 йил 31 декабргача узайтириш таклиф этилмоқда.

Жаҳон Банки экспертлари фикрича, Украинадаги вазият туфайли бутун дунёда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари охирги 50 йилда кузатилмаган рекорд даражада ошиши кутилмоқда. Aйниқса, ўсимлик ёғига бўлган глобал талаб 60% Украина ва Россия экспорти ҳисобига қондирилиши ҳисобга олинса, дунё бозордарида ўсимлик ёғи нархлари йил давомида камида 30%га ўсиши прогноз қилинмоқда.

«Табиийки, бундай ҳолатда ўсимлик ёғи, шунингдек гўшт ва картошка маҳсулотлари импортига нисбатан ҚҚС имтиёзлари берилиши аҳолимизни асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли қондириш ҳамда ушбу маҳсулотлар нархларини бозорларда барқарор сақлашга хизмат қилади», — деб ёзади депутат.

Дониёр Ғаниевнинг ўз манбаларига таяниб маълум қилишича, банан, ананас ва бошқа цитруслар учун бождан озод қилиш бўйича жорий йилнинг 1 майига қадар берилган имтиёзлар муддати ҳам йил охиригача узайтирилиши мумкин.

«Тан олиш жоизки, бу ҳаракатлар барчаси аҳоли фаровонлигини таъминлаш, уларнинг харид қобилиятини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, инфлация даражасини 10−12% атрофида ушлаб туриш имконини беради», — деб ҳисоблайди Ғаниев.

Ўзбекистонда ўсимлик ёғи истеъмолининг ярмига яқини импорт ҳисобидан қопланади. Бундай шароитда глобал бозорда юз бераётган ҳар қандай тебранишлар ички бозордаги нархга жиддий таъсир кўрсатади. «Газета.uz» аввалроқ ўсимлик ёғи нархининг ошиши яқин ойлардаги асосий муаммолардан бирига айланиши мумкинлигини ёзган эди.