Самарқандда хорижлик сайёҳни ҳақоратлаб, камситган меҳмонхона иш бошқарувчисига қонуний чора кўрилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар қилди.

Унда айтилишича, тарихий обидалар билан танишиш учун келган хорижлик сайёҳ, IT соҳаси бўйича мутахассис В.К. Бош прокуратурага мурожаат қилиб, Самарқандда жойлашган меҳмонхона иш бошқарувчиси А. У. уни ҳақорат қилиб, шаън ва қадр-қимматини камситганини кўрсатган ва қонуний чора кўришни сўраган.

Ўтказилган ўрганиш натижаси бўйича, меҳмонхона иш бошқарувчиси А. У.нинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар судга тақдим қилинди.

Суднинг 22 апрелдаги қарори билан ҳуқуқбузарлик содир этган А. У.га 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, жавобгарлик муқаррарлиги таъминланди ҳамда хорижлик сайёҳнинг ҳуқуқлари тикланди,дейилади хабарда.