Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 мамлакатда 151 та сальмонеллёз ҳолати бактерия билан зарарланган Бельгия шоколадини истеъмол қилиш натижасида юзага келганини аниқлади. Биринчи ҳолатлар 27 март куни қайд этилган эди.

Ташкилотнинг қайд этишича, зарарланган шоколад маҳсулотлари камида 113 мамлакатга тарқатилган.

Халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги идоралари тармоғи (ИНФОСАН) томонидан 10 апрель куни глобал юқумли касаллик ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Шу билан бирга, КKinder Surprise, Kinder Mini Eggs, Kinder Surprise Maxi ва Kinder Schoko-Bons брендлари каби маҳсулотларни қайтариб олиш бошланди, деб ёзади БМТ матбуот хизмати.

Ташкилот байрам кунлари шоколад маҳсулотлари кенг тарқалганини ҳисобга олиб, бошқа мамлакатларда ҳам бундай ҳолатлар юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Инфекциянинг бундан кейин ҳам тарқалиш хавфи сақланиб қолмоқда, касалликнинг оғирлиги ҳақидаги маълумотлар ҳамон чекланган, дейилади хабарда.

ЖССТ аҳолига умумий олдини олиш чораларини эслатмоқда:

  • қўлларни совун ва сув билан ювиш, айниқса уй ҳайвонлари ва қишлоқ ҳайвонлари билан алоқа қилгандан кейин ёки ҳожатхонадан фойдалангандан сўнг;
  • тўғри пишириш;
  • фақат пастеризацияланган ёки қайнатилган сутдан фойдаланиш;
  • муздан сақланиш, агар у хавфсиз сувдан тайёрланган бўлмаса;
  • мева ва сабзавотларни яхшилаб ювиш.

Ишлаб чиқарувчилардан сальмонеллёзнинг олдини олиш учун озиқ-овқат занжирининг барча босқичларида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун ҳам савдо корхоналарида, ҳам уйда назорат чораларини амалга ошириш талаб қилинади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, республикада маҳсулотларни истеъмол қилгандан кейин сальмонеллёз билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги таҳририят сўровига кўра, истеъмолчилар томонидан ҳеч қандай шикоят келиб тушмагани ва шунга кўра, олиб кирилаётган партияларни текшириш чоралари кўрилмаганини билдирди.