Асака тумани ҳокимлигининг бош юристконсульти товламачилик йўли билан фуқародан 1000 АҚШ доллари олаётганда қўлга олинди, дея хабар бермоқда ДХХ.

«А» фермер хўжалиги иш юритувчиси ихтиёрига берилган 20,2 гектар ер майдони бўйича бошқа бир фермер хўжалиги билан Андижон туманлараро маъмурий судида судлашган.

Консультант эса апелляция тартибида кўрилаётган ишни вилоят судида ишловчи танишлари ёрдамида «А» хўжалигининг фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилган. Бунинг учун 1500 доллар сўраган.

Ҳолат юзасидан Департамент Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатди. Тергов давом этмоқда.