Шалимов номидаги Миллий жарроҳлик ва трансплантология институти аспиранти, жарроҳ Темурбек Юсупов «Газета.uz»га Киевдаги бугунги вазият, Польша билан чегарада аварияга учраган ўзбекистонликлар аҳволи, украиналикларнинг чет элликларга нисбатан муомаласи ҳақида гапириб берди.

Киевдаги вазият


«Майдан Незалежности»даги 100 минг лолалар. Фото: kyivcity.gov.ua.

Бугунги кунда Киевда вазият анча яхшиланган. Ҳозир шаҳарда кўп одамлар бор. Уруш бошланганидан кейин Львов, Транскарпатияга кетишга мажбур бўлган кўплаб одамлар пойтахтга қайтишни бошлади. Мен ҳозир Киевнинг марказида турибман, уруш бошланганидан бери биринчи марта бу ерга келишим. Ростини айтсам, бир мунча вақт янгиликларни ўқимасам, уруш бўлаётганини ҳам унутиб қўйишим мумкин.

Баъзида ҳаво ҳужуми сигнали эшитилади, бу 15−20 дақиқа давом этади ва кейин бекор қилинади. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими яхши ишлаётганга ёки ҳужумлар камайганга ўхшайди. Охирги уч ҳафта ичида Киевда фақат битта портлаш содир бўлди. Биз ҳудудни айта олмаймиз, чунки тақиқлар ва қоидалар бор. Аммо умуман олганда, шаҳар тинч. Шаҳар урушдан олдинги кунлардагидек ишлашга ҳаракат қилмоқда.

Агар урушдан олдин одамлар бироз бўлинган бўлса, ҳозир улар бирлашган, бу яхши. Бир халқ, бир миллат сифатида бир-бирига ёрдам беришда давом этмоқда. Ҳар хил ёрдам гуруҳлари пайдо бўлди. Маҳаллий аҳоли ҳам муҳтож хорижликларга бепул ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Украиналикларнинг уйларида яшаган дўстларим бор.

Дўконларда барча керакли маҳсулотлар мавжуд. Ҳа, логистика муаммолари туфайли нархлар бироз кўтарилди.

Трамвай қайта иш бошлади. Мен уйдан ҳозиргина трамвайда, кейин троллейбус ва автобусда келдим. Жамоат транспорти аҳоли учун бепул. Транспорт алоқалари тўлиқ тикланди, деб айта олмайман, айрим йўналишларда чекловлар бор.

Ҳозир метрода унчалик кўп одам яшамайди. Биз ҳаммамиз Бучадаги қирғин ҳақида биламиз, шунинг учун айрим одамларда ҳалигача қўрқув бор, шу боис улар метрода қолишда давом этмоқда.

Бу ҳафтада комендантлик соати бироз қисқартирилди. Агар бундан олдин у соат 21:00 дан 5:00 гача бўлган бўлса, ҳозир 22:00 дан бошланади. Пасха пайтида истисно сифатида 23:00 дан бошланди. Ушбу режим давомида ҳамма уйда, тартибга амал қилинади.

Жарроҳлик ва трансплантация институтимизда кечикиши мумкин бўлган операцияларни бошқа санага кўчирдик. Ҳозир биз саратон касаллиги бор беморлар ва ярадорларга ёрдам кўрсатмоқдамиз.

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ишининг тикланиши


Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси. Фото: Javlon Vakhabov / Twitter.

Фуқароларимизни ватанга эвакуация қилиш жараёнида элчихона Львовга бир муддат кўчиб ўтди, бироқ Киевдаги вазият яхшиланганини ҳисобга олиб, кўплаб элчихоналар пойтахтга қайтди. Марказий Осиё мамлакатлари, Европанинг айрим давлатларидан келган барча элчилар ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Вазият кескин ўзгариб кетиши мумкин, аммо биз яхшиланишига умид қилмоқдамиз.

Украинадан Ўзбекистонга 6 мингга яқин ўзбекистонлик эвакуация қилинди. Бундан ташқари, Украинадан Европанинг бошқа давлатлари, Туркия, Молдова, Польша, Германияга кўчиб кетган ватандошларимиз ҳам кўп. Уларнинг сони 500 га яқин.

Telegram`даги гуруҳимизда айрим ватандошларимиз вазият яхшилангани боис Украинага қайтишни режалаштирмоқда. Аммо биз бундай қилишни тавсия этмаймиз, чунки вазият кескин ўзгариши мумкин, ҳали ҳеч нарсани олдиндан айтиб бўлмайди. Бу ҳақда шаҳар мэри Виталий Кличко ҳам айтган.

Украинада ҳамон айрим ўзбекистонликлар бор, лекин аввалгидек кўп эмас. Киевдаги ўзбекларнинг кўп дўконлари ҳозир ишламаяпти.

Ўзбекистонликлар билан содир бўлган ЙТҲ

5 март куни Польша билан чегарада уч нафар ўзбекистонлик иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Улардан бири Отабек Ҳакимов воқеа жойида вафот этди. Мени Львовга, жабрланганларнинг қолганлари — Беҳзод Ҳусейнов ва Шерзод Салоҳиддиновлар ётқизилган касалхонага таклиф қилишди. Улар реанимацияда жуда оғир аҳволда эди.

7 март куни афсуски, яна бир ҳамюртимиз, Хусейнов вафот этди. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ҳалок бўлганларнинг жасадлари ватандаги яқинларига етказилди.

26 март куни Салоҳиддинов касалхонадан чиқарилди ва Польша орқали Ўзбекистонга қайтарилди. Ҳозир у уйида оиласи билан, унда ҳаммаси яхши.

«Украинада мени ҳеч ким камситмаган»

Кўпчилик, жумладан Ўзбекистондагилар ҳам Украинада ҳақиқатан ҳам нацистлар, бандеровчилар, фашистлар бор деб ўйлашади. Афсуски. Мен 2011 йилдан бери Украинадаман. Мен шу ерда ўқишни бошлаганман ва тугатганман, шифокор бўлиб ишлайман. Шу 10−11 йил давомида мен Украинанинг кўплаб шаҳарларида бўлдим. Львовда ҳам яшаганман.

Баъзиларнинг айтишига кўра, гўёки айнан Львов ва Ғарбий Украинада нацистлар ва бандеровчилар кўп. Львовда яшаганимда маҳаллий аҳоли украин тилида гаплашарди. Лекин чет эллик эканлигимни кўриб, тушунмаган сўзларимни русча тушунтиришарди. Рус тилида саволлар беришарди. Улар билан рус тилида гаплашганимда, ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Ҳеч ким мени камситиб, бу ерга нима учун келганимни сўрамаган.

Афсуски, Украинадаги фашистлар ҳақида гапирадиган одамлар Украинага ҳеч қачон келишмаган ёки бу маълумотни Россия телеканалларидан олишган. Бу ҳақда шу ерда яшайдиган ўзбекистонликлардан сўрашингиз мумкин. Ҳа, улар умуман йўқ, деб бўлмайди, улар ҳамма мамлакатларда учрайди, лекин уларнинг фаолияти қонун билан чекланган.

Мен бу юртни хавфсиз деб биламан, шунинг учун ҳам шунча йиллардан бери шу ерда яшаябман. Ҳеч ким менга хафа қиладиган сўз айтмаган.

Украинада ҳам биздаги каби одамлар яшайди. Улар Европадагидек, ривожланган давлатлар каби яшашни хоҳлашади. Ўзга юртдан келганлар «бундай эмас, биз хоҳлагандек яшайсизлар» дейишларини нотўғри деб ҳисоблайман.