Олий Мажлис Сенатида хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан беодоб ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу қарор 26 апрель куни Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигида ўтказилган аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича йиғилишда қабул қилинди.

Ишчи гуруҳ зиммасига ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, кейинчалик парламент томонидан кўриб чиқилиши вазифаси юклатилди.

Шунингдек, амалга оширилиши лозим бўлган ишларни ўз ичига олган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Уни амалга оширишга ихтисослашган фаолият билан шуғулланаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва мустақил экспертларни жалб этиш режалаштирилган.

«Хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ва шилқимлик ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди. Бу амалдаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш нормаларини пухта кўриб чиқишни, уларни мавжуд воқеликка мослаштиришни талаб қилади», — дейилади хабарда.

Сенат нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва мутахассисларни ишчи гуруҳ фаолиятида фаол иштирок этишга чақирди. Бу бўйича (senat14@exat.uz, qonunchilik@senat.go.uz) манзили орқали боғланиш мумкин.