Россиянинг «Уральские авиалинии» авиакомпанияси 29 октябрга қадар Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон ва Ўзбекистонга парвозларни бекор қилди. Бу ҳақда компания сайтида эълон қилинди.

Авиакомпания парвозларни бекор қилиш қарорини «Европа давлатларининг ҳаво ҳудудини ёпиши"и билан изоҳлади.

11 апрель куни ЕИ Россиянинг 21 авиакомпаниясини иттифоқ доирасида парвозлар тақиқланган ёки фаолият юритишига чекловлар қўйиладиган компаниялар рўйхатига киритди. Чекловлар, жумладан, «Уральские авиалинии»га ҳам таъсир кўрсатади.

Урал авиаташувчиси авиация-техник маркази директори Игор Поддубний компания яна икки-уч ой давомида «самолётларни тўхтатмасдан ва эҳтиёт қисмлар учун демонтаж қилмасдан» парвозларни амалга ошириши мумкинлигини таъкидлади, деб ёзади «Ведомости».

26 февраль куни Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти фонида Европа Иттифоқи Европа самолётларини Россияга етказиб бериш, сотиш, техник хизмат кўрсатиш ва суғурталашни, шунингдек, у ерда лизингга беришни ҳам тақиқлади. 28 мартдан бошлаб Европа лизинг берувчилари ва Россия компаниялари ўртасидаги шартномалар ўз фаолиятини тўхтатди. Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, 1300 та самолётдан деярли 800 таси Россия авиация реестрига ўтказилган, 79 таси эса хорижда ҳибсга олинган, деб ёзади «Коммерсант».

«Уралинформбюро» маълумотларига кўра, «Уральские авиалинии» йўловчи ташиш бўйича Россиядаги етакчи авиакомпаниялардан бири ҳисобланади. Компания флоти Европа концерни Airbus’нинг 54 та самолётидан иборат (14 та А321, 24 та А320, 5 та А319, 3 та А320neo ва 8 та А321neo).