Ўзбекистонда гиламларни мажбурий маркалашни жорий этиш имконияти кўриб чиқилмоқда, деб хабар қилди РБК Давлат солиқ қўмитаси бош давлат солиқ инспектори Аҳмадбек Файзиевга таяниб.

Унинг сўзларига кўра, қўмита CRPT Turon компаниясини ушбу масала устида ишлашга таклиф қилган.

Компания кузатув кенгаши раиси Андрей Кирилловнинг РБКга айтишича, Ўзбекистон ҳукумати олдига учта янги маҳсулот тоифаси — шиналар, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва гиламларда маркалаш тизимини жорий этиш имкониятлари ва муддатларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

«Республика вакилларининг фикрича, бу соҳаларда қалбакилаштириш ва контрафакт даражаси юқори. Айниқса, гилам ишлаб чиқариш соҳаси муҳим — бу, муболағасиз, миллий бойлик: ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ишлаб чиқариш ва бўяш усуллари мавжуд. Гиламлар дунёнинг турли мамлакатларига экспорт қилинмоқда, шунинг учун бу бозорда тартибни тиклаш масаласи ниҳоятда долзарбдир», — дея тушунтирди у.

ДСҚ матбуот хизмати «Газета.uz»га 2023 йилдан бошлаб маркалашнинг янги йўналишларини топиш бўйича ишлар ҳақиқатда давом этаётганини тасдиқлади.

«Бугунги кунда таҳлил ўтказилмоқда, натижада кўриб чиқиш учун таклифлар киритилади», — дейилади қўмита хабарида.

CRPT Turon компаниясидан маълум қилинишича, янги маҳсулотлар гуруҳлари бўйича масала ўрганилмоқда — ҳозирча аниқ қарорлар қабул қилинмаган.

«Бу музокараларнинг биринчи босқичи, холос. Давлатдан таклиф тушди, уни синчиклаб кўриб чиқиш керак, бизнес вакиллари билан музокаралар олиб борилади. Шундагина аниқ жавоб бериш мумкин. Айни пайтда бу фақат таклиф», — деди компания вакили.

Мамлакатда маркалашни жорий этиш лойиҳаси 2019 йил охирида бошланган ва биринчи босқичларда тамаки, пиво ва алкоголли ичимликлар қамраб олинган эди. 15 апрелдан бошлаб Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб маиший техника воситаларини маркалашни йўлга қўйди.

Дори воситалари ва тиббий маҳсулотларни рақамли маркалаш 1 сентябрдан, шиша сув ва алкоголсиз ичимликларда эса 1 октябрдан бошланади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда маҳсулотларнинг маркаланиши ва кузатилиши мониторинги бўйича Asl belgisi Миллий ахборот тизими ишга туширилди. Тизим оператори Россияда товарларни маркалаш тизимининг ягона оператори ҳисобланган Россия истиқболли технологияларни ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган CRPT Turon компанияси тизим оператори ҳисобланади. Унинг асосий эгаси Алишер Усмоновнинг USM холдинги (50%), яна 25% Россиянинг Ростех давлат корпорацияси ҳамда Александр Галитскийнинг Almaz Capital бошқарув шеригига тегишли.