20 апрель куни соат 15:00 атрофида Фориш туманидаги Эгизбулоқ маҳалласида Нурота тоғ тизмаси томонидан сел келди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, бунга кучли ёмғир сабаб бўлган.

Вазирлик бу ҳудуд учун 10 куб / сония ҳажмда сув келиши нормал ҳолат ҳисобланишини, сел келган куни эса у 150 куб / сониягача кўтарилганлигини таъкидлади. Ўзгидромет етакчи мутахассиси Эркин Абдулахатовнинг айтишича, Ғаллаоролда ёғган ёмғир икки соат ичида йиллик ёғиннинг қарийб 10 фоизини бажариб улгурган. Вилоятнинг «Ғаллаорол» метеорологик станциясида 2 соат 5 минут оралиғида 31,5 мм ёмғир ёғган.

Бироқ, аҳоли орасида ушбу маълумотга ишонч камроқ, уларнинг фикрича, сув 2−3 метргача тўпланиб, катта тезлик ва ҳажмда келиши учун унинг йўли тўсилган бўлиши мумкин. «Газета.uz» мухбири мазкур ҳолат бўйича суриштирув ўтказди. У билан суҳбатлашган 10 нафардан ортиқ кишининг сўзларига кўра, қишлоқ тепасидаги «Huaxin Cement Jizzakh» цемент заводининг карьерига олиб ўтувчи йўлда икки тепалик ўртасида юк машиналари учун бунёд этилган йўл дамба вазифасини ўтаган бўлиши мумкин.

Huaxin карьерига олиб борувчи йўл.

Мазкур фаразни ҳозирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳам ўрганиб чиқмоқда, бироқ уни асослаш учун далиллар етарли эмас.

Жиззах телеканалида эфирга узатилган репортажда «карьер юк машиналари учун дараларни устидан жарларни текислаб, йўл қилган, ёмғир ва дўллар йиғилиб, шу ердан катта босим билан бирданига қишлоққа урилган» деган фараз борлиги таъкидланган.

«Мана бу харита сурати Google`дан сел келишидан олдин олинган расм. Расмларни йиғдик, ҳақиқатдан ҳам дамба бўлганми, бўлмаганми уларни солиштириб чиқамиз», — деди вилоят ФВБ бўлим бошлиғи Темур Ҳамраев.

Марказда тепалик устида Huaxin карьери тасвирланган. Фото: Жиззах вилояти ФВБ матбуот хизмати.

«Газета.uz»га вилоят ФВБ матбуот хизмати маълум қилишича, дамба қурилганлиги ҳақида версия ҳам бор, лекин катта эҳтимол билан у ўзини оқламайди.

«Ўрганишлар давомида сел Huaxin карьери йўлининг бир қисмини ювиб кетганлиги аниқланди. Яъни сел йўли билан карьер йўли маълум масофада туташ бўлган. Аммо селнинг йўналиши физика қонуниятларига асосан энг чуқур нуқта бўйлаб ҳаракатланган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Google харитадан вақтлар оралиғида ҳолат ўрганилганида мазкур ҳудудда жуда эски сел йўллари бўлганлиги аниқланган. Бу бир асрда бир марта келадиган сел йўллари бўлиши мумкин. Маҳаллий аҳолининг орасидан ҳам мазкур дамбани кўрганлар топилмади.

Мазкур суратда сой йўлининг иккитасини кўриш мумкин, сел марказда турган уйнинг икки томонидан, тепаликлар орасидан ўтган.

Эгизбулоқда яшовчи Исроил Алиевнинг сўзларига кўра, сув 2 метрдан баланд келишига уйлар ва уларнинг олдидаги тўсиқлар — тош билан қаланган ҳудудий чегара деворлари — сабаб бўлган.

«Тўсиқни бузиб ўтаман деганча дамба бўлади. Бузгандан кейин тўпланган сув келади. Агар ўзини йўли билан келганида оқиб ўтиб кетаверарди. Ҳозиргача бундай баланд ва шиддат билан сел келмаганди. 2013 ёки 2014 йилда тизза баравар келган, уйимни фақат ҳовлисига кирган, лекин жа унақа ваҳимали, қўрқинчли жойи йўқ эди», — деди у.

Умуман мазкур ҳудудга Нурота тоғ тизмасидан қишлоқнинг бошланиш қисмига учта, унинг ўрталарига яна иккита сой йўли келиб қўшилади. Шундан иккитаси Huaxin карьерининг икки томонидан ўтган.

Равшан Ибрагимов (марказда).

Жиззах вилояти ФВБ бошлиғи, подполковник Равшан Ибрагимовга кўра, бу қишлоқ сел келиш хавфи мавжуд бўлган ҳудуд ҳисобланмайди.

«Бу [ҳудуд] сел келиш хавфи бор объектга кирмайди. Бир отахон „охирги марта 1969-йил гувоҳ бўлганман, мен ўшанда 9 ёш эдим, лекин бунчалик бўлмаганди“ деди. Ундан олдин ҳам 50 йил илгари бўлганми… Биринчи яхшигина дўл ёғаяптида, орқасидан ёмғир қуйганидан кейин дўл бор кучи билан ювиб кетаяпти. Агар дўл ёғмаганда ҳам ярим-бир соат ёғган ёмғирда бунақа бўлмас эди. Бу ҳам бир табиат қонуни», — дейди Равшан Ибрагимов.

«Газета.uz» мухбири аҳоли билан суҳбатда бир ҳолатга эътибор қаратди: одамлар орасида ўша дамбани ёки унинг ўрнини аниқ билувчилар, кўрганлар мавжуд эмас. Бу фараз фақатгина миш-миш ва тахминларга асосланиб илгари сурилган бўлиши мумкин.

Бироқ суриштирув давомида «Huaxin Cement Jizzakh» компаниясининг 2 йилдан бери карьерда цемент хом ашёсини қазиб олиш ва портлатиш ишлари натижасида атроф-муҳитга тарқатаётган чангидан маҳаллий аҳоли, шу жумладан, Эгизбулоқ қишлоғи аҳолиси азият чекаётгани аниқланди.

«Huaxin Cement Jizzakh»

КТЯДРга кўра, «Huaxin Cement Jizzakh» МЖЧ хитойлик инвесторлар томонидан 2018 йилнинг 13 июлида ташкил этилган.

Унинг асосий фаолияти — цемент ишлаб чиқариш ҳисобланади. Таъсисчиси сифатида эса 100 фоизлик улуш билан Huaxin Central Asia Investment (Wuman) Limited компанияси кўрсатилган. Унга Бингжун Яо ХХХ раҳбарлик қилади. Компаниянинг устав капитали 248 млрд 371,4 млн сўмни ташкил этади.