Ўзбекистон президентининг тегишли қарорига мувофиқ туризм ва маданий мерос вазирига уч ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қарорга кўра, Бахтиёр Ибрагимов — туризм ва маданий мерос вазирининг халқаро туризмни ривожлантириш, ички ва зиёрат туризми масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бунга қадар у Ташқи ишлар вазирлигида департамент директори лавозимида фаолият юритган.

Нусратилла Зикриллаев — туризм ва маданий мерос вазирининг инвестициялар, туризм кластерлари ва лицензиялаш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бунга қадар у президент Администрацияси масъул ходими вазифасида ишлаган.

Ботиржон Шаҳриёров — туризм ва маданий мерос вазирининг оммавий тадбирлар ва маданий мерос масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бунга қадар у Бухоро вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, 18 февраль куни Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташкил этилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Азиз Абдуҳакимов номзоди мазкур вазирлик раҳбарлигига маъқулланган эди.