Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов 25 апрель куни Қирғизистон элчиси этиб тайинланган Муса Жаманбаевни қабул қилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.

«Ташқи ишлар вазири ўринбосари элчининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилар экан, дипломатни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва дипломатик миссиясида муваффақиятлар тилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда томонларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика ва маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларни яна-да жадаллаштиришга тайёрлиги таъкидланди. Илгари эришилган келишувлар ижроси, шунингдек, олий, юқори ва минтақалараро даражалардаги бўлажак тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

БМТ, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Қирғизистоннинг янги элчиси 43 ёшда. 2000 йилда Бишкек гуманитар университетининг шарқшунослик ва халқаро иқтисодий муносабатлар факультетини тамомлаган. У давлат хизматида — Ташқи ишлар вазирлигида, парламент аппаратида, ҳукуматда ва мамлакат президентида ишлаган. 2021 йил май ойидан буён давлат раҳбарининг протокол хизматини бошқариб келмоқда.

Муса Жаманбаев бу лавозимда 2018−2022 йилларда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига раҳбарлик қилган Ибрагим Джунусов ўрнини эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти май ойи охирида Қирғизистонга ташриф буюришни режалаштирган.