Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев туризм соҳасини янада ривожлантириш, ички туризм бозорини кенгайтириш, туризм объектларини кўпайтириш ҳамда музейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида туризм хизматларини қамраб олган «карвонсарой"лар қуришни топширди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

«Жорий йилда Ўзбекистон туризм магистрали бўйлаб 31 та туман (шаҳар) ҳудудидан ўтувчи йўл бўйида комплекс туризм хизматларини (автотураргоҳ, кемпинг, автосервис, овқатланиш, ёқилғи қуйиш) қамраб олган 1 тадан „карвонсарой“ барпо этиш вазифаси қўйилди», — дейилади хабарда.

Бундай лойиҳаларга бир ой муддатда 1 трлн сўм кредит ресурслари ажратилади, йил якунига қадар яна 100 млн доллар жалб қилинади. Вилоят ҳокимлари ҳам камида 20 млн долларлик лойиҳаларни ишга туриши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, Боғотнинг «Қалъа-жиқ» ва Элликқалъадаги Ақчакўлда санатория-курорт ташкил этиш, Бухорода «Қадимий Бухоро» ва «Ўнинчи аср этноқишлоғи», Наманганда «Оазис», Сирдарёда «Сирдарё экотуризм», Тошкент вилоятида «Гарден» туризм кластерлари ва Фарғонада «Фарғона парки» тематик боғини ташкил этиш бўйича йирик лойиҳаларни бошлаш кераклиги айтилди.

Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳудудларни белгилаб, салоҳиятли инвесторларни аниқлаш ва амалий ишларни бошлаш топширилди.


Бундан ташқари, йиғилишда мамлакатда Чимён, Билдирсой ёки Зоминдан кам бўлмаган, лекин салоҳияти ҳали ишга солинмаган туристик манзиллар кўплиги таъкидланди.

Масалан, Бойсундаги дунёда энг чуқур ғорлардан ҳисобланган Бойбулоқ (Осиёда энг чуқур, 1 минг 415 метр), ёнидаги Вишневский (715 метр), Неандартал одам қолдиғи топилган Тешиктош ғорлари, Дарбанд дараси, қадимий эллин маданияти ёдгорлиги — Узундара қалъаси бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб қилади.

Бу ерда меҳмонхона, кемпинг, тоғ спорти, дор йўли, туристлар уйлари каби объектларни ташкил этиш орқали 500 минг сайёҳни бемалол жалб қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Бундай имкониятлар Бўстонлиқдаги Товоқсой, Оҳангарондаги Овжасой, Ангрендаги Янгиобод, Шаҳрисабздаги Мираки, Янгиқўрғондаги Нанай, Попдаги Чодак ҳудудларида ҳам мавжуд.

Чорвоқ ва Тўдакўлдан бошқа бирорта ҳудудда чўмилиш жойлари йўқлиги қайд этилди. Бу борада Нукусдаги Ашшикўл, Бухородаги Зикрикўл, Жиззахдаги Айдаркўл ва Тузкон кўлининг имкониятлари ишга солинмай турибди.