Бюджет очиқлиги, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бюджет маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни расмий веб-сайтларда жойлаштириш борасида жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ҳисоб палатаси матбуот хизмати «Газета.uz»га. Тадбир «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси томонидан ташкил қилинди.

Унда Ҳисоб палатасининг масъул ходимлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг бюджет очиқлигини таъминлаганлик ҳолати тўғрисида кенг жамоатчиликка ахборот тақдим этилди. Қайд этилишича, Ҳисоб палатаси 133 та вазирлик ва идоралар томонидан Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом талабларига амал қилинишини 2021 йилнинг 3- ва 4-чораклари якуни бўйича ўрганди.

Жумладан, таҳлиллар қуйидагиларни кўрсатди:

  • 3-чорак якуни бўйича маълумотларни тўлиқ жойлаштирган ташкилотлар сони 10 та бўлган бўлса, 4-чорак якуни бўйича ушбу кўрсаткич 66 тагача етди (ўсиш 7 баравар);
  • 3-чорак якуни бўйича маълумотларни тўлиқ жойлаштирмаган ташкилотлар сони 32 та бўлган бўлса, 4-чорак якуни бўйича ушбу кўрсаткич 13 тагача (59 фоиз) камайди.

Бироқ Ҳисоб палатаси томонидан бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш орқали жамоат назоратини ошириш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан, айрим ташкилотлар ханузгача мазкур йўналишга жиддий эътибор қаратмаяпти, дейилади ҳисоботда.

Хусусан, 3-чорак якуни бўйича 91 та, 4-чорак якуни бўйича 54 та ташкилот очиқ маълумотларни умуман жойлаштирмаган. Масалан, барча ҳудудий ҳокимият органлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ва бошқа бир қатор ташкилотлар.

2 та ташкилотнинг мансабдор шахслари бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибига риоя қилинмаганлиги сабабли маъмурий жавобгарликка тортилди ва 20−21 апрель кунлари суднинг тегишли қарорлари чиқарилди. Бугунги кунда яна бир қатор ташкилотларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш учун тегишли хужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилган.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1757-моддасида бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги белгиланган.