Беларусь Тошкентда трамвай қуриш лойиҳасида иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Беларусь бош вазири Роман Головченко 25 апрель куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради БелТА.

25−27 апрель кунлари Тошкентда «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда Беларуснинг машинасозлик соҳасидаги экспозицияси ҳам тақдим этиляпти.

«Йўловчи шаҳар транспорти соҳасида таклифларимиз бор. Бугунги кунда электр транспортининг ривожланиши шунчаки модага бўлган ҳурмат эмас, бизнинг фикримизча, бу келгуси ўн йилликларда транспорт тузилишини белгилаб берадиган асосий қарордир. Биз ушбу экологик тоза транспорт соҳасида ўз имкониятларимизни таклиф қилмоқчимиз», — деди Роман Головченко.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев февраль ойида Тошкентга трамвайни қайтариш режасини маълум қилган эди. Шу ойда давлат раҳбарига трамвай қатновини тиклаш бўйича илк лойиҳалар тақдим этилди. Куни кеча Kun.uz манбасига таяниб, Тошкентда трамвай линиялари қурилиши 2023 йилда бошланиши ҳақида хабар берган эди.

«Беларусь томони зарур инфратузилма, режалаштириш ва ҳаракат таркибини етказиб бериш билан боғлиқ комплекс ечимларни тақдим этишга тайёр. Агар шундай қарор қабул қилинса, биз Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имкониятини кўриб чиқамиз», — деди Беларусь ҳукумати раҳбари.

Беларусь томони, шунингдек, саноат кооперациясини ривожлантиришдан манфаатдор, — деди у.

Роман Головченко қишлоқ хўжалиги мавзусига ҳам тўхталиб, Беларусь ва Ўзбекистонда мустаҳкам қишлоқ хўжалиги базаси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича замонавий технологиялар мавжудлигига эътибор қаратди.

«Биз озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлигига тайёр бўлишимиз керак. Беларусь томони Ўзбекистон билан тажриба ва технологияларимиздан фойдаланган ҳолда қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича таклифларга эга. Биз наслли чорва моллари, чорва озуқаси, премикслар, ветеринария препаратларига бўлган эҳтиёжни қондиришга, сут-товар таянч мажмуаларини яратишга тайёрмиз», — деди у.


Фото: БЕЛТА

Унинг сўзларига кўра, ҳали Ўзбекистонда ва қўшни мамлакатларда ишлаб чиқарилмаган антибиотикларни ишлаб чиқариш лойиҳаси долзарб аҳамиятга эга. «Белфарм» Беларусь-Ўзбекистон қўшма корхонаси ушбу махсулотларни Ўзбекистонда чиқаришни ташкил этиш учун 8 млн доллардан ортиқ сармоя киритган.

Ҳукумат раҳбарлари таълим, фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилди.

2021 йилда Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 301,9 млн долларни ташкил этди ва 2020 йилга нисбатан 7,8 фоизга ўсди.

2021 йилда Беларусь экспортининг асосий позициялари ўзига ҳос товарлар, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, дори-дармонлар, винилхлорид полимерлари, сут кукуни ва диагностика реагентларидан ташкил топди. Ўзбекистондан импорт қилинадиган товарларнинг асосини пахта иплари, янги ва қуритилган мевалар, ўзига хос маҳсулотлар, мис прокати ва чойшаблар ташкил этди.