Самарқанд вилоятида фермер 6 гектар ер майдонини ноқонуний тарзда 170 минг долларга сотишга уринганликда гумонланмоқда. Бу борада вилоят ИИБга фуқаро С. ариза билан мурожаат қилган.

Унинг таъкидлашича, деҳқончилик ва чорвачилик фаолияти билан шуғулланиши учун Пастдарғом тумани ҳудудидан ер олиш ниятида апрель ойининг ўрталарида К.З. исмли шахс билан танишиб қолган.

Фермер Пастдарғом тумани «Найман» маҳалласи ҳудудида жойлашган, ўзи раҳбарлик қилиб келаётган фермер хўжалигига тегишли бўлган 6 гектар ер майдонини 170 000 АҚШ долларга сотишини айтган.

У Пастдарғом туман ҳокимлигидаги танишлари орқали ерни фуқаронинг номига расмийлаштириб бериши эвазига фуқародан олдиндан 20 000 доллар талаб қилганлиги айтилмоқда. Ариза берувчи ИИБдан К.З. исмли шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шу асосда 23 апрель куни Самарқанд вилояти ИИБ, ДХХ вилояти бошқармаси ва вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда К.З. ариза муаллифидан 20 минг доллар миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Самарқанд туманида фермер ҳокимнинг сохта қарори билан 19 минг долларга ер сотгани ҳақида ёзган эдик.