1 сентябрдан шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилади. Бу президентнинг 25 апрелдаги «Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатиши мумкин.

Мазкур тажриба дастлаб 2022 йил якунигача Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади.

Шунингдек, қарорга кўра, ҳудудларда 2023 йил 1 январдан жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади.

Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 гача узайтирилади ҳамда уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун 1 июндан қўшимча устама ҳақи белгиланади.

1 майдан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан олис масофада жойлашган маҳаллаларда 2022 йилда жами 1002 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади.

1 июлдан олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 млн сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ БҲМнинг 500 баробаридан (135 млн сўмдан) ошмаган миқдорда қоплаб берилади.

Олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз 3 йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади.

1 августдан оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади. Бунда:

  • ҳудудда ортиқча вазндан халос бўлиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя этиш, жисмоний фаолликни ошириш, инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш бўйича кўрсаткичлар асосий мезонлар бўлади;
  • ҳар 6 ойда ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади ҳамда энг яхши натижа кўрсатган тиббиёт муассасаси мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади;
  • ушбу тизим 2022 йилда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникаларда, 2023 йилдан босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади.

1 сентябрдан тиббиёт тизими раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериш тартиби жорий қилинади.

1 ноябргача давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва бериладиган дори воситалари ҳажми тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш имконини берувчи мобил илова яратилади.

Белгиланишича, аҳолининг профилактик тиббий кўриклари, скрининг дастурлар ва патронаж хизмати фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ ва белгиланган муддатларда амалга оширилади, бошқа ташкилотларнинг ушбу жараёнга аралашувига йўл қўйилмайди.

2022 йил якунигача Андижон, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги тиббиёт ОТМ клиникаларининг нейрохирургия бўлимлари негизида юридик мақомга эга бўлмаган ҳудудлараро нейрохирургик марказлар ташкил этилади.

Қарор билан ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган, шахсий намуна кўрсатган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун «Халқ саломатлиги посбони» кўкрак нишони таъсис этилди.

1 июндан қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимлари гепатит «В» касаллигига қарши бепул эмланиши йўлга қўйилади.

Ҳар йили 1000 нафаргача имтиёзи бўлмаган, узоқ йиллар давлат тиббиёт муассасаларида ишлаётган бемор ходимларга юқори технологик операциялар суғурта бадаллари ҳисобидан ўтказилади.