Миллий Олимпия қўмитасида бўлиб ўтган Ўзбекистон стол тенниси федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференсиясида Давлат солиқ қўмитаси раиси Кудбиев Шерзод Давлятович Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси этиб сайланди. Бу ҳақда ДСҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдан буён Саида Маҳмудова Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси сифатида ишлаб келаётган эди.

Аввалроқ, Шерзод Кудбиев ҳукумат қарори билан ДСҚ ҳузуридаги Фискал институт ректори лавозимига тайинланган эди.

Маълумот учун, Шерзод Кудбиев 2020 йил май ойидан бери ДСҚ раиси лавозимида фаолият юритмоқда. Шерзод Кудбиев (1981 й. т.) Фарғона политехника институтини тамомлаган (мутахассислиги — молия ва кредит). Вазир бўлишига қадар Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими сифатида фаолият кўрсатган.

2015−2016 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти мудири ўринбосари бўлиб ишлаган.