Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Молия вазирлиги мамлакатнинг тоза энергияга ўтиши ҳамда электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қондириш учун шамол станцияларини ривожлантиришда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимни имзолади, деб хабар қилди молия ташкилоти матбуот хизмати «Газета.uz»га.

ХМК Ўзбекистон ҳукуматига хусусий сектор тажрибаси ва капиталини мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида 500 МВт гача қувватга эга шамол электр станцияларини қуриш ва ишлатишга сафарбар қилиш учун давлат-хусусий шериклик (ДХШ) тузилмасини яратиш бўйича маслаҳатлар беради.

Лойиҳа Ўзбекистоннинг 2026 йилга бориб электр энергиясининг 25 фоизини қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқариш мақсадига эришишга хизмат қилади, дейилади хабарда.

Дунё бўйлаб ўрнатилган қуввати 743 ГВт дан ортиқ шамол электр станциялари ишлаб чиқаришнинг энг тез ўсиб бораётган ва энг арзон энергия манбаларидан биридир. Ўзбекистон ҳукумати ўз олдига 2026 йилгача беш гигаватт қуёш ва уч гигаватт шамол энергиясини ишга туширишни мақсад қилиб қўйган, деб таъкидлади ХМК.

2018 йилдан буён ХМК Ўзбекистон ҳукуматига энергетика секторига шаффоф ва рақобатбардош тарзда ҳамда энг юқори экологик, ижтимоий ва бошқарув стандартларига мувофиқ хусусий сармояларни жалб қилиш бўйича маслаҳатлар бериб келмоқда. Қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва секторни хусусий инвестициялар учун очиш ХМКнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасидаги фаолиятининг асосини ташкил этади, дейилади ҳисоботда.

Лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан ХМК билан ҳамкорликда амалга оширилаётган энергетика соҳасида бир қанча рақобатбардош тендерлардан биридир. Хусусан, ХМК Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга хусусий қуёш электр станцияси учун тендер ва молиялаштиришда ёрдам берди, у 30 мингдан ортиқ уй-жойларни қувватлантириш учун етарли электр энергияси ишлаб чиқарадиган мамлакатдаги биринчи коммунал миқёсдаги қайта тикланадиган энергия иншоотидир.