Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэль Макронни ушбу мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловида ғалаба қозонгани билан табриклади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

«Аминманки, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳидаги узоқ муддатли ҳамкорлик муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва интилишларимиз орқали халқларимиз фаровонлиги йўлида изчил ривожланиб бораверади», — дейилади табрик мактубида.

Эслатиб ўтамиз, Франциянинг амалдаги президенти Эммануэль Макрон мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи турида 58,55% овоз билан ғалаба қозонди. Унинг рақиби Марин Ле Пен 41,45% овоз тўплади.