Тошкентнинг Миробод туманида жойлашган Давлат геология ва минерал ресурслари давлат қўмитаси биноси ва майдони аукционда бошланғич нархидан 49 млрд сўм қимматроққа сотилди. Савдо натижалари E-аукцион порталига жойланди.

Миробод тумани Тарас Шевченко кўчасида жойлашган маъмурий бинонинг бошланғич нархи 75,6 млрд сўм этиб белгиланган эди. Қарийб 1 соат 20 дақиқа давом этган аукционда бино «XAMKOR INSHAAT» МЧЖга 124,7 млрд сўмга сотилди. Бу унинг дастлабки белгиланган нархидан 49,1 млрд сўм қиммат.

Уни сотиб олиш учун 5 нафар иштирокчи аукционда қатнашиб, улар томонидан 13 қадам юқори нарх тасдиқланди.

Маълумот учун, ер участкасининг умумий майдони 1,3 гектар. Бинолар ва иншоотларнинг эгаллаган умумий майдони 10962 кв.м.

Spot`нинг ёзишича, ўтган йилнинг октябрь ойида «XAMKOR INSHAAT» 71,6 млрд сўмга қўмита биноси яқинидаги Минерал ресурслар илмий-тадқиқот институти мажмуасини сотиб олган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг июлида Геология музейи биноси ҳам аукционга қўйилган эди. Объектнинг бошланғич нархи — 27,6 млрд сўм этиб белгиланганди.