Украинанинг урушдан кейинги чегаралари айни пайтда Россия ва Украина ўртасида кечаётган тинчлик музокараларининг асосий масаласи бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда ҳар иккала томон делегацияларига яқин манбаларга таяниб Медуза нашри хабар қилмоқда.

29 март куни — қарийб бир ой аввал Россия ва Украина ўртасида Истанбулда ўтказилган музокараларнинг сўнгги босқичидан сўнг Россия томони Киев ва Чернигов йўналишларида ҳарбий фаоллик кескин қисқартирилишини маълум қилгани ва рус қўшинлари шаҳарни тарк эта бошлагани ҳақидаги хабарлар ортидан, тинчлик сулҳи тузилиб, урушга тез орада барҳам берилишига умид пайдо бўла бошлаган эди. Шундан сўнг Мариуполнинг эгалланиши ва Киев вилоятининг озод этилиши, кўп ўтмай Бучада содир этилган қирғин тўғрисидаги хабарлар бутун дунё оммавий ахборот воситалари эътиборига тушиши, мазкур воқеалар юзасидан дунё ҳамжамияти, кенг жамоатчилик орасида юзага келган қизғин мунозаралар ва кескин эътирозлар фонида, тинчлик музокаралари бутунлай музлатилгандек тасаввур уйғота бошлади.

Бироқ Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский 22 апрель куни Украина томони билан «бир нечта узоқ давом этган музокаралар» бўлиб ўтганлигини маълум қилди. Медуза нашри ҳар иккала томон делегациялари ва расмийларига яқин манбалардан изоҳ олиб, музокаралар қандай кечаётгани, Россия ва Украина айнан қайси масалалар юзасидан келишувга эришишга уринаётганига ойдинлик киритди.

Украина делегациясига яқин манбанинг Медузага маълум қилишича, музокараларнинг асосий қисми, яъни томонларнинг шахсий учрашувлари, ҳозирда Россия қўшинлари томонидан деярли тўлиқ босиб олинган Мариуполдаги вазият туфайли музлатиб қўйилган. Шунга қарамай, ишчи гуруҳлар тегишли ҳужжатлар устида ишлашда давом этмоқда. Бундан ташқари, музокаралар бориши билан таниш бўлган Медуза манбалари (Россия ва Украина томонидан) бир қанча дастлабки келишувлар «аниқлаштириб» олинганлигини тасдиқлашган.

Маълум қилинишича, ҳозирда иккита масала юзасидан келишувга эришиш бўйича муҳокамалар давом этмоқда:

  • Сиёсий масала — Украинанинг нейтраллик ва ядросизлик мақоми ҳамда Россия томонидан тажовузга учраган тақдирда кафил давлатлар томонидан тақдим этилиши лозим бўлган хавфсизлик кафолатлари;
  • «Маданиятларга нисбатан ўзаро ҳурмат» масаласи — бу ҳар икки мамлакатнинг маданий алоқалари тенг ҳуқуқлиликка асосланишини назарда тутади. Масалан, Украинада маълум миқдордаги рус тилида сўзлашувчи мактаблар очилса, Россияда ҳам худди шунча миқдордаги украин тилида сўзлашувчи мактаблар очилиши лозим бўлади.

Украина делегациясига яқин манбага кўра, ҳозирда хавфсизлик кафолатлари бўйича алгоритм ишлаб чиқилмоқда. Ҳозиргача фақатгина икки давлат — Италия ва Буюк Британия кафил бўлишга тайёр эканликларини оммага эълон қилишди, бироқ бу борада ҳали ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаган.

Шунингдек, манба Киевнинг позициясини ҳам очиқлаган. Унга кўра, Украина томони Россия қўшинлари уруш давомида босиб олинган барча ҳудудлардан олиб чиқилишини талаб қилмоқда.

Россия эса, Медуза билан суҳбатда бўлган манбаларнинг тасдиқлашича, босиб олинган ҳудудларнинг катта қисмини (эҳтимол ҳаммасини) ўзида сақлаб қолиш ниятида. Кремлга яқин манбалардан бирига кўра, Россия ҳукумати «денгизни [Украинадан] тортиб олиш» истагидан воз кечмоқчи эмас (Украинанинг Херсон, Николай ва Одесса вилоятлари Қора денгиз минтақасига киради). 22 апрель куни Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони вазифасини бажарувчи Рустам Миннекаев Россия «Украинанинг жанубий вилоятлари устидан тўлиқ назорат ўрнатишни» режалаштираётганини оммавий тарзда эълон қилди, бироқ у айнан қайси вилоятларни назарда тутаётганига аниқлик киритмаган. Россия президенти вакили Дмитрий Песков бу баёнот юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.

Президент маъмуриятига яқин манбалар, Россия музокаралар қандай боришидан қатъи назар, Херсон вилоятини Киевга «бермаслиги» мумкинлигини қайд этишган. Уларга кўра, Херсонда «референдум» ўтказиш ва референдум натижалари асосида уни Украинадан «мустақил» деб эълон қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Москва Мариуполни ҳам Киевга қайтариш истагида эмас.

Нашрнинг ёзишича, Қрим, ДХР ва ЛХР тақдирини томонлар урушдан кейин муҳокама қилиши кўзда тутилмоқда. Донбасс ва Қрим масаласи музокаралар жараёнининг бир қисми бўлмаслиги Россия ва Украина делегацияларининг Истанбулда бўлиб ўтган учрашувидан сўнг маълум бўлган эди. Украина президенти Владимир Зеленский ушбу ҳудудлар юзасидан музокаралар учун 15 йилгача вақт ажратиш таклиф қилинганини таъкидлаган.

«Бу масалалар параллел тарзда, лекин алоҳида муҳокама қилинади. Донбасс ва Қрим билан боғлиқ масалалар [рус] қўшинлар бу ердан чиқиб кетганда муҳокама қилиниши мумкин. Уруш кетаётган пайтда бундай нозик ҳудудий масалаларни муҳокама қилиш ғалати бўлади», — дейди Медузанинг Украина томонидаги манбаси.

«Истанбулда бўлиб ўтган музокаралар вақтида биз Қрим масаласида халқаро комиссия тузишни ва томонларга 15 йил ичида ечим топиш мажбуриятини юклашни таклиф қилган эдик. Донбасс масаласида ҳам худди шундай. Бу бизнинг ҳудудимиз эканлигини ҳаттоки муҳокама қилмоқчи ҳам эмасмиз. Аммо Россия уларни амалда назорат қилаётганини тушунган ҳолда, бу масала юзасидан халқаро музокараларга тайёрмиз», — дея қайд этган Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович Медуза билан суҳбатда.

Шу билан бирга, Киевнинг мазкур таклифи Истанбулдаги мулоқотлар чоғида амалда бўлганини, бироқ айни пайтда «вазият ўзгарганлигини» ҳисобга олган ҳолда «таклифлар ҳам ўзгариши мумкин» эканини қўшимча қилган.

Хабарда айтилишича, ишчи гуруҳлар «маданиятларга нисбатан ўзаро ҳурмат» тўғрисидаги ҳужжат устида ишламоқда. Медузанинг Кремлга яқин манбасига кўра, мазкур келишув биринчи навбатда «тил масалаларига тааллуқли». Хусусан, ишлаб чиқилаётган ҳужжатда Украинада «рус тили бўлиши мумкинлиги» қайд этиб ўтилиши кўзда тутилган — Россияда украин тили тенг даражада мавжуд бўлиши шарти билан, дея таъкидлаган Украина делегациясига яқин манба.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Россия оммавий ахборот воситалари, жумладан, Медузага берган интервьюсида шундай ҳужжат ишлаб чиқилаётганлигини тасдиқлаган.

Нашрга кўра, музокаралар қанча давом этиши номаълум. Хусусан, 22 апрель куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров музокаралар тўхтаб қолганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, Украина вакилларига «бу музокаралар умуман керак эмас, улар ўз тақдирларига тан беришди» деган фикр уйғонмоқда.

Бироқ, Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский 22 апрель куни Украина делегацияси раҳбари Давид Арахамия билан «бир нечта узоқ давом этган музокаралар» ўтказганини маълум қилган. Аммо уларнинг мазмуни очиқланмаган.

Медуза манбалари ҳам музокаралар давом этаётганини тасдиқлаб, уларнинг қанча давом этиши номаълум эканлигини билдиришган. Украина томони манбасининг қайд этишича, музокаралар давомийлиги Донбассдаги воқеалар ривожига боғлиқ.