Муқаддас Рамазон ойи тугашига саноқли кунлар қолди. Саҳарликни уйда, оила даврасида қилиб олган рўзадорлар ҳамма вақт ҳам ифторликка ўз уйларига қайтишга ёки тамаддихоналарга киришга улгурмасликлари мумкин.

«Газета.uz» фотомухбирлари Евгений Сорочин ва Мадина Аъзам ифторлик вақтида Тошкент кўчаларини кезиб, йўлда ёки метрода оғиз очаётган, ишдан қисқа танаффус олиб, ифторлик қилаётганларни суратга олди ҳамда рўзадорларга сув ва хурмо тарқатаётган йигитлар билан суҳбатлашди.

Кимдир ишлаб турган жойида бир нафасга танаффус қилиб, дуосини ўқийди ва оғиз очгач, яна ўз ишига қайтади.


Айрим рўзадорлар ифторлик вақтини жамоат транспортида, машиналарда, бекатларда ўтказишларига тўғри келади.



Яна кимдир эса йўлдалигида оғиз очишига тўғри келади.



МГИМО университети талабалари Икром ва Диёр «Минор» метро бекати олдидаги чорраҳада рўзадорларга хурмо ва сув улашишмоқда. Бундай кўнгиллиларни Тошкентнинг бошқа нуқталарида ҳам учратиш мумкин. Ёш йигитлар муқаддас Рамазон ойида кўпроқ яхши ишлар қилиш кераклигини таъкидлашади.

«Ҳозир муқаддас ой, бу ойда биз яхшилик қилишимиз, одамларга қувонч, табассум улашишимиз керак. Бу ойда одамлар қалбида ёвузлик бўлмаслиги керак. Улар эски гиналарни унутиши керак. Бу ойда худди ҳамма нарсани бошидан бошлагандек яшашни бошлаш керак. Сиз худди қайта туғилгандек бўласиз. Бу ойда иложи борича кўпроқ эзгу амал қилиш керак», — дейди Икром.


Йигитларнинг айтишича, улар аввалига меҳрибонлик уйи учун хайрия қилишмоқчи бўлишган. «Лекин билсак, ҳамма пули борлар меҳрибонлик уйига борар экан».

Шундан сўнг, улар ифторлик вақтига уйига етиб олишга улгурмаётганларга, йўлда бўлганларга ёрдам беришга қарор қилишган.

«Улар машиналаридан тушиб, сув сотиб олишга улгуришмаяпти… Кўриб турганингиздек, бу ерда тирбандликлар ҳам катта. Нима учун сув бермас эканмиз? Бизнинг ёмон ниятимиз йўқ».

Икром ушбу акциянинг ташаббусчиси дўсти Диёр эканлигини айтади.

«У мени таклиф қилди. Қандайдир ташкилот аъзоси эмасмиз. Ўз пулларимизга ҳамма нарсаларни сотиб олганмиз», — дейди у.


«Ўтган йили пулимиз кўпроқ эди. Биз маҳаллаларга бориб, ким муҳтожлигини сўрардик, уларга гўшт, керакли нарсаларни харид қилардик. Бу йил эса фақат сув ва хурмо оляпмиз, бюджетимиз чекланган. Эртага ҳам чиқамиз, бугундан қолган сув ва хурмоларни тарқатамиз. Instagram`да ёпиқ аккаунтларимизда бу ишни қилаётганлигимизни ёритамиз. Ким хоҳласа, чин кўнгилдан чиқариб, пул беради… Кимдир бизга қўшилмоқчи бўлса, қўшилиши мумкин. Биз шаҳарнинг турли қисмларида сув ва хурмо тарқатамиз. Биз танимайдиган болалар ҳам келиб, бизга ёрдам беришади»", — дейди Диёр.

Йигитлар масжидларга бориб, таровеҳ намозига келадиганларга ҳам сув тарқатаётганликларини айтишди.