2021 йилда кузатилган 7,4% лик иқтисодий ўсишдан сўнг, жорий йилда Украинадаги уруш ва унинг оқибатлари фонида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиш кўрсаткичи у қадар юқори бўлмайди: 2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти бор-йўғи 4% га ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ўзининг 2022 йилги «Осиё тараққиёт истиқболлари» ҳисоботида маълум қилган эди.

ОТБ 2023 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозини 4,5% даражасида тақдим этмоқда, бироқ халқаро вазиятнинг ноаниқлиги ва коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик ҳолатнинг ёмонлашиши эҳтимоли мазкур кўрсаткични хавф остида қолдиради.

Банк прогнозларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда инфляция даражаси ўтган йилги 10,7% дан 9% гача, 2023 йилда эса 8% гача пасайиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, озиқ-овқат нархлари барқарорлигини таминлаш мақсадида ҳукумат ўсимлик ёғлари, парранда гўшти, буғдой уни ва гуруч каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларини йил охиригача импорт божларидан озод қилди. Шу билан бирга, хориждан пул ўтказмалари оқимининг қисқариши уй хўжаликлари даромадларининг ўсишига тўсқинлик қилади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатда 2022 йилда хусусий истеъмолнинг ўсиши 4,5% гача секинлашиши, 2023 йилда 5% гача тикланиши кутилмоқда.

2021 йилда тўқимачилик, озиқ-овқат ва тоғ-кон саноати етакчилигидаги жадал тикланишдан сўнг, Ўзбекистон саноатида ўсиш суръати 2022 йилда 5% гача секинлашиши кутилмоқда. 2023 йилда саноат ишлаб чиқаришининг ўсиш даражаси 5,5% га етиши мумкин.

ОТБга кўра, 2022 ва 2023 йилларда товар ва хизматлар экспорти, хусусан, мис, олтин, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва нефть-кимё маҳсулотлари экспорти 9% гача ўсади.

Ўзбекистонда яшил иқтисодиётга ўтиш истиқболлари қуйидаги вазифаларни ўз ичига олади:

  • давлат корхоналарига қазиб олинадиган ёқилғи учун ажратиладиган субсидиялардан босқичма-босқич воз кечиш ёки қисқартириб бориш;
  • яшил технологияларга хусусий инвестицияларни йўналтириш;
  • яшил молиялаштиришни институционаллаштириш, яъни молиялаштириладиган лойиҳаларнинг иқлим билан боғлиқ рискларини баҳолашда банк молиялаштиришига экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув тизими тамойилларини жорий этиш.

Углеводородлар нархларини либераллаштириш ва давлат корхоналарига субсидиялар ҳажмини қисқартириш инфляцияни кучайтириши мумкин, сабаби бу уй хўжаликларининг ҳам харажатлари ўсишига олиб келади, натижада ижтимоий ҳимоялаш даражасини ошириш талаб этилади. Шу нуқтаи назардан барча чора-тадбирлар — углерод нейтраллигига эришиш стратегияси, энергетика соҳасида тариф сиёсати, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш — ўзаро боғлиқ ва мувофиқлаштирилган бўлиши лозим.

Активларининг қарийб 85% қисмига давлат банклари эгалик қилувчи банк тизими эндигина яшил молиялаштиришни жорий қила бошлайди, олдинда соҳага экологик ва ижтимоий тамойилларни жорий этиш вазифаси турибди. Банк ходимлари яшил молиялаштириш учун муносиб лойиҳаларни тўғри аниқлай олишлари талаб этилади, дея қайд этмоқда ОТБ.

Банк ҳисоботидан, шунингдек, минтақа ҳукуматларига қаратилган бюджетни тўлдириш ва сарфлаш юзасидан фискал сиёсатга доир умумий тавсиялар ўрин олган.

Кўпроқ солиқ тушумларига қандай ва нималар ҳисобига эришиш мумкин?

Банкнинг таъкидлашича, пандемия даврида давлат қарзи ва ҳукуматнинг бюджет харажатлари сезиларли ошди. Янги глобал хавф-хатарлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергия ресурслари нархларининг ўсиши ва ҳар бир муайян иқтисодиётдаги инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда, ҳукуматлар харажатларни оширишларига тўғри келади, бироқ улар бюджет харажатлари сифати, шу билан бир пайтда солиқ тушумлари ҳақида ҳам бош қотиришлари лозим.

2022 йил учун Осиё истиқболлари шарҳи муаллифларининг қайд этишича, имтиёзлар ва преференциялар таъсирининг салбий жиҳатлари мавжуд: улар рақобат муҳитига путур етказади ва бюджетга тушумларнинг сезиларли камайишига олиб келади. Шу билан бирга, Украинадаги уруш келтириб чиқарган беқарорлик ва рисклар даври ортиб бораётган ижтимоий мажбуриятлар учун бюджет даромадларининг барқарор ўсишини талаб қилади.

Озиқ-овқат ва ижтимоий эҳтиёжларни қондириш учун сарф-харажатларга қўшимча равишда, иссиқхона чиқиндиларини камайтириш, ишлаб чиқариш ва транспорт соҳасини яшиллаштириш мажбуриятлари ҳам мавжуд. Иссиқхона чиқиндиларини камайтириш ва иқтисодиётни тўлиқ яшиллаштириш бўйича қўйилган мақсадлар жуда катта давлат харажатларини талаб қилади.

Уларга эришиш учун ОТБ ҳукуматларга солиқ тушумларини ЯИМнинг 3% идан 4% ига ошириш учун салоҳият мавжуд эканлигини қайд этиб, солиқ тизимларини сафарбар қилишни таклиф қилмоқда.

Муаллифлар солиқлар ва солиққа тортиш содда, самарали ва адолатли бўлиши учун ҳар бир мамлакатда солиқ тизимини эҳтиёткорлик билан тартибга солиш зарурлигини таъкидлайдилар.

Банк томонидан қўшилган қиймат солиғи ва рақамли иқтисодиётнинг жадал ўсиб келаётган секторига солиқларни такомиллаштириш, шунингдек, жисмоний шахслар даромади ва мулкига нисбатан бойлик даражасига боғлиқ равишда адолатлироқ солиққа тортиш имкониятларини кўриб чиқиш тавсия этилмоқда.

ҚҚС ОТБ таҳлилчиларининг диққат эътибори марказида: ривожланаётган Осиё минтақасида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҚҚС йиғимларидан олинадиган даромадлар ҳалигача бошқа минтақаларга қараганда паст ва бу аксарият ҳолларда тўловларни ундириш самарадорлигининг пастлиги ҳисобига юзага келади.

Нисбатан юқори даромадли — бадавлат шахсларга нисбатан мол-мулк солиғини ошириш, шунингдек, қазиб олинадиган ёқилғилар ва ифлослантирувчи моддалардан иборат бўлган чиқиндилар учун юқори экологик солиқ ставкаларини янада фаолроқ қўллаш ва шу билан яшил ўтишни рағбатлантириш потенциали мавжуд эканлиги таъкидланган.

Шунингдек, алкогол ва тамаки маҳсулотларига солиқларни ошириш ҳам бюджет даромадларини ошириш манбаи сифатида кўрилмоқда. Бу эса 0,6% гача ЯИМни таъминлаш билан бир қаторда, пировардида аҳоли саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади ва соғлиқни сақлаш харажатларининг камайишига олиб келади.

Ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва яшил иқтисодиётга янада фаолроқ ўтиш мақсадида бюджет маблағларини тўплаш учун ОТБ яшил давлат инвестицияларини институционал мувофиқлаштириш ва режалаштиришни кучайтиришни ҳам таклиф қилмоқда.

Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик ва кредит кафолатларини кенгайтириш мамлакатда қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш ва бошқа муҳим инфратузилмага хусусий инвестицияларни жалб қилишда ёрдам бериши мумкинлиги қайд этилган.

Аввалроқ «Газета.uz» Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банки Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш прогнозларини пасайтирганлиги ҳақида хабар қилган эди.