БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска «Газета.uz» рукнида шаҳар ва қишлоқларда ҳавони тозалаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва чўлланишга қарши кураш бўйича «Яшил макон» катта ташаббусининг аҳамияти ҳақида ёзади. Кўпгина ташкилотлар ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, ҳар томонлама парвариш қилиш ва бошқаришсиз экилган кўчатларнинг тақдирини олдиндан айтиб бўлмайди. Ишга киришишдан олдин қандай дарахт ва бута турларини, қаерда ва қандай экиш, қандай парвариш қилиш кераклигини илмий нуқтаи назардан аниқлаш керак. Шунингдек, маблағларни, жумладан, маҳаллий нодавлат маблағларни жалб қилиш бўйича кенг кўламли ишларни бошлаш керак. Муаллифнинг фикрича, энг муҳим экиш майдонларини, дарахт ва бута турларини аниқлаш ва саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш тизими зарур.

2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» ташаббусини илгари сурди. Улкан мақсад ва узоқни кўзлаган мазкур ташаббус келгуси беш йил давомида мамлакат бўйлаб 1 млрд туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши лозимлигини назарда тутади.

Лойиҳа шаҳар марказларидаги ҳавони тозалаш, одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларнинг турмуш шароитини яхшилашга ҳисса қўшади. Ташаббус, шунингдек, Ўзбекистон иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва иқлим таъсирига мослашиш бўйича Париж битими доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилишига хизмат қилади. Муайян ҳудудларда эса дарахтлар тупроқ сифатини яхшилаб, чўлланишнинг олдини олиш ва ҳатто бу жараённи ортга қайтаришга ёрдам бериши мумкин.

Илк натижалар ташаббус эълон қилингандан бир неча кун ўтибоқ кўзга кўрина бошлади, негаки кўчат экишдек савобли ишга кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар ва кенг жамоатчилик сафарбар бўлганди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, 2021 йил охирига келиб 85 млн туп кўчат экилган бўлса, шу йилнинг баҳор ойларида қўшимча 125 млн дона кўчат экилиши мўлжалланган.


Қашқадарё вилоятининг Касба туманида дарахт экиш. Фото: Давлат экология қўмитаси.

Жараён кўтаринкилик билан жадал суръатда давом этаётган бўлса-да, дарахтларни экиш ва парваришлаш жараёнини бошқариш бўйича самарали ва кенг қамровли ёндашув қабул қилинмаса, дарахтлар ва, умуман, дастурнинг тақдири мавҳум бўлиб қолади.

Муваффақиятга эришиш, яъни кўчатлар илдиз отиб, осмонга бўй чўзишини таъминлаш, углерод ташланмалари ҳажмини камайтириш ва улар билан кейинчалик потенциал равишда савдо қилиш имкониятини қўлга киритиш учун саъй-ҳаракатлар мамлакат миқёсида самарали тарзда мувофиқлаштирилиши лозим.

Лойиҳани қўллаб-қувватлаш ва унинг барқарорлигини таъминлаш учун инновацион молиялаштириш ечимлари ишлаб чиқилиши мумкин.

«Яшил макон» каби ташаббуслар нақадар долзарб аҳамиятга эга экани ташаббус илгари сурилган ойнинг ўзидаёқ, кун тунга айланган, қуюқ чанг Тошкент қуёши ва мовий осмонини тўсиб қўйган 5 ноябрь куни, айниқса, яққол намоён бўлди. Асосан, Тошкент ва Сирдарё вилоятининг жанубий ҳудудларини қамраб олган чанг бўрони мамлакатда метеорологик кузатувлар юритила бошланган 1871 йилдан буён рўй берган энг кучли бўрон бўлди.

Ушбу экстремал об-ҳаво ҳодисаси Глазгодаги иқлим ўзгариши бўйича БМТ Конференциянинг 26-сессияси — сайёрамиз келажаги муҳокама қилинадиган энг йирик ва энг муҳим анжуман пайтига тўғри келди.

Конференция иштирокчилари Орол денгизининг қуриши туфайли Марказий Осиёда иқлим ўзгариши жараёни бошқа минтақаларга қараганда икки баробар тез кечаётганини алоҳида таъкидлашди. Иқлим ўзгариши туфайли юзага келаётган хавф-хатарларни тўлиқ англаб етган ҳолда, Ўзбекистон келгуси ўн йил давомида ўз иқтисодиётининг ташланмалар жадаллиги — маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш жараёнида пайдо бўладиган иссиқхона газлари миқдорини 35 фоизга камайтириш мажбуриятини олди.

Чанг бўрони остидаги Тошкент — NASA Ер обсерваторияси суратлари. 2021 йил 4−5 ноябрь. Манба: NASA EOSDIS LANCE ва GIBS/Worldview асосида MODIS маълумотларидан фойдаланган ҳолда Лорен Дофин томонидан олинган NASA Ер обсерваторияси суратлари.

Ўзбекистон каби ҳудудларда чанг бўронлари билан боғлиқ бўлган энг катта хавфлардан бири йирик қаттиқ заррачалар (PM10) бўлиб, 5 ноябрь куни уларнинг ҳажми ҳавонинг ҳар куб метрида 18 000 микрограммгача етиб, кўпинча, уларнинг таркибида, чангдан ташқари, бошқа моддалар ҳам бўлади.

Бу чангнинг катта қисми 1960 йилларда минтақанинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун сув оқими ўзгартирилиши натижасида қуриб, чўлга айланган Орол денгизининг тубидан кўтарилади. Орол денгизининг қуриган туби ўрнида саноат ва қишлоқ хўжалиги чиқиндиларининг заҳарли ифлослантирувчи моддалари билан тўйинган улкан чўл пайдо бўлди. Орол денгизи қирғоқларида яшаган одамлар эса ёки кўчиб кетди ёки ҳаётлари қийинчиликлар билан курашда ўтмоқда.

Бу вазият оналар ва болалар учун айниқса хавфли, негаки бу ҳудуд диоксинлар каби атроф-муҳитни ифлослантирувчи моддалар даражаси бўйича дунёда энг юқори ўринлардан бирида туради.

Маълумотларга кўра, 1960-йиллар охирларидан бошлаб Орол денгизининг қуриган тубидан ҳар йили 75 млн тоннадан зиёд чанг ва заҳарли тузлар ҳавога кўтарилади. Сурхондарё вилояти мамлакатнинг жануби-шарқий чегарасида жойлашган бўлиб, гармсел ёки афғон шамоли, деб ном олган қуруқ иссиқ шамоллардан азият чекади. Бундай шамоллар ҳар йили бир неча марта содир бўлиб, чангни 20−25 м/с гача тезликда кўчириб юради. Гармсел ҳавони заҳарлашдан ташқари, унумдор тупроқ қатламларига зарар етказади ва қишлоқ хўжалигидаги ҳосилдорлик даражасини пасайтиради.

Оролбўйи минтақаси 2018 йилдан буён Ҳукумат ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан қўллаб-қувватланаётган ўрмонлаштириш бўйича қизғин кампаниянинг диққат марказида тургани бежиз эмас. Мазкур кампания доирасида саксовул кўчати танлаб олинган бўлиб, у қурғоқчиликка чидамли ўсимлик ҳисоблангани боис тупроқни ҳимоя қилиш ва ортиқча буғланишни камайтириш, пировардида, маҳаллий микроиқлимни яхшилаш учун кенг миқёсда экилмоқда.

Фото: Ўзбекистондаги БМТТД.

2030 йилга қадар 500 минг гектар майдонга саксовул экиш бўйича белгиланган мақсадга Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 2020 йилдаёқ эришишга муваффақ бўлди . Футбол тилида айтадиган бўлсак, бу — 930 000 дан зиёд футбол майдонига тенг.

«Яшил макон» ташаббуси БМТ Бош Aссамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги 2021 йилги резолюцияси мақсадлари билан ҳамоҳанг. Дунёнинг 60 та давлати ҳаммуаллиф бўлган ушбу муҳим ҳужжат атроф-муҳит ҳолатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни, шу жумладан, сув ресурсларини асраш ва минтақадаги турмуш даражасини яхшилаш учун тадқиқотлар ўтказиш ва илмий фаолият юритишга чақиради.

БМТТД мазкур саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда Ўзбекистон Ҳукуматига комплекс чора-тадбирлар туркумини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кўмаклашиш мақсадида, инновациялар, технология ва сиёсат соҳасидаги мутахассисларни ўз ичига олган кўп тармоқли гуруҳни тузди.

Шошқалоқлик наф бермайди, тайёргарлик эса муваффақият калитидир

Фикримизча, «Яшил макон» — юқори мақсадларга йўналтирилган жадал ташаббус бўлса-да, пухта тайёргарлик ва режалаштириш орқали унинг янада самаралироқ бўлишини таъминлаш мумкин. Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш дастурлари доирасида исталган натижаларга эришиш учун узоқ муддатли инвестициялар ва бошқарув билан бир қаторда, пухта режалаштириш ва доимий диққат-эътибор талаб этилади.

Ўзбекистон каби сув тақчиллиги кузатиладиган мамлакатларда дарахтзорлар барпо этиш сув ресурсларига бўлган юкламани янада оширади. Ўрмончилик соҳаси мутахассисларининг таъкидлашича, дарахтзорларни барпо этишдаги асосий масала — бу дарахтларнинг қайси турларини экиш, қаерда ва қандай зичликда экиш ва бошқалар.

Сурхондарё вилояти Термиз туманида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида кўчат экиш. Фото: Давлат экология қўмитаси.

Айрим мамлакатлар дарахтзорларни яратиш дастурларини муваффақиятли амалга оширишга эришган. Масалан, Хитойда «Буюк яшил девор» лойиҳаси натижасида чанг бўронларининг такрорланиш даражаси ва жадаллиги пасайган бўлса, Aфриканинг Саҳел ҳудудидаги чўлланишга қарши кураш бўйича умумафрика дастури доирасида Сенегалда 40 минг гектар майдонга 12 миллион туп дарахт экилди.

Бошқа мамлакатларнинг муваффақиятлари ва муваффақиятсизликларидан олинадиган сабоқлар кутилмаган оқибатлар хавфини камайтиришга ёрдам беради.

Биз, шунингдек, дарахтзорлар яратишга киришишдан аввал Кўкаламзорлаштириш бош режаси билан боғлиқ бўлган комплекс техник-иқтисодий асослаш ўтказилишини тавсия қиламиз. Мазкур тайёргарлик босқичи муҳим экологик зоналар ва экиш мақсадларини аниқлаш, дарахт, бута ёки майсалар экиш учун мос келадиган жойларни белгилаш, мониторинг тизимини яратиш, ерга эгалик қилиш масалаларини ҳал қилиш, углерод ташланмалари миқдорини камайтириш йўлларини аниқлаш ва суғориш инфратузилмасини режалаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, турли манфаатдор томонлар саъй-ҳаракатлари унумдорлигини таъминлаш учун самарали мувофиқлаштириш тизими зарур. Дастурни амалга оширишнинг турли босқичларида, жумладан, кўчатзорларни қўллаб-қувватлаш, экиш, инфратузилмани ривожлантириш, парваришлаш, молиялаштириш, мониторинг жараёнларида иштирок этаётган турли муассасалар ҳаракатлариуйғунлиги ва мувофиқлаштирилган бўлишини таъминлаш жуда муҳим. Дастур мақсадларига эришиш учун самарали етакчилик ва мувофиқлаштириш тизими мавжуд бўлиши лозим.

Ниҳоят, дастур натижалари белгиланган юқори мақсадларга мос бўлишини таъминлаш учун имкон қадар қисқа вақт ичида самарали ва инновацион молиялаштириш модели жорий этилиши лозим.

«Яшил макон» давлат жамғармасининг ташкил этилиши мақтагулик илк қадам, аммо мақсадга эришиш учун давлат инвестицияларининг ўзигина етарли бўлмайди. Жалб қилинадиган нодавлат маблағларининг ҳажмини кўпайтириш ҳамда инвестиция ва молиялаштириш манбаларини кенгайтириш лозим. Буларга ўрмонлардан барқарор фойдаланиш ва ўрмон хўжалигини ривожлантириш мақсадларига йўналтирилган халқаро молиялаштириш, хусусий ички молиялаштириш ва яшил/БРМ облигациялари киради.

БМТТД ва унга ёндош ташкилотлар, жамғармалар ҳамда БМТ дастурлари мазкур ташаббусни муваффақиятли амалга оширилишини тилаган ҳолда «Яшил макон» дастурини келгуси беш йиллик даврдаги барча босқичларда қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, буни истаймиз ва бунга қодирмиз.