Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси футбол бўйича ЖЧ-2022 мусобақасини Ўзбекистонда намойиш қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳақда «Sport» телеканалининг Instagram`даги саҳифасида маълум қилинди.

Қатарда 2022 йилнинг 21 ноябридан 18 декабригача бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати трансляцияси ҳуқуқини ЎзМТРК сотиб олди.

Жаҳон чемпионатида қатнашадиган 32 та терма жамоа иштирокидаги барча 64 та учрашув ЎзМТРК телеканалларида намойиш этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2022 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилганди. Салкам бир ой давом этадиган ушбу мусобақа Яқин Шарқда ўтказиладиган тарихдаги илк жаҳон чемпионати бўлади. Шунингдек, футбол бўйича жаҳон чемпионати биринчи маротаба араб дунёсида ўтказилади.

Футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш бўйича Олий қўмитанинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Фатма ал-Наймининг айтишича, чемпионатни ўтказиш учун тайёргарлик давомида Қатар 2019 йил ҳолатига кўра 210 млрд доллардан ортиқроқ маблағ сарфлаган. Бу 2018 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати учун Россия томонидан сарфланган маблағлардан 18 баробар кўпроқ. Таъкидланишича, Қатар футбол тарихидаги энг қиммат эмас, балки энг юқори даражали жаҳон чемпионатини ташкиллаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Энг аҳамиятли томони шундаки, футбол тарихида илк бор жаҳон чемпионати қиш фаслида ўтказилади.