Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан Украинадан қайтиб, республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқароларнинг ўқишини соддалаштирилган тартибда кўчиришга рухсат берилди, деб хабар бермоқда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Шу муносабат билан 26 апрелдан бошлаб талабалар ўқишни кўчирмоқчи бўлган Ўзбекистондаги олий таълим муассасасига ҳужжат топширишлари мумкин.

Шу билан бирга, Олий таълим вазирлиги ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида Украина олийгоҳларида ўтган йилларда ўқиган, бироқ ўқишдан ҳайдалган ёки академик таътилда бўлган фуқароларнинг ўқишини кўчириш рад этилиши ҳақида огоҳлантирди.

Аввалроқ ОЎМТВ маълумотларига таянган ҳолда 15 мартдан Украинадан қайтган талабалар ўқишини соддалаштирилган тартибда кўчириш бошлангани ҳақида хабар қилган эдик.

Маълумот учун, 4 мартга қадар Ўзбекистонга Украинадан 200 нафар талаба эвакуация қилинди.