Ҳукуматнинг 20 апрелдаги қарори билан Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Низомга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун БҲМнинг1,5 баравари (405 минг сўм) миқдорида субсидия берилади. Бунда бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан мазкур низом амал қилмайди.

Иш берувчи ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилгандан кейин субсидия олиш учун туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига зарур ҳужжатлар билан мурожаат қилади.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳужжатларни 3 иш кунида ўрганиб чиқади ва ўрганиш натижаларига кўра субсидия ажратиш (ажратишни рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилади.

Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, субсидия ҳар ой учун кейинги ойда (6 ой давомида) иш берувчига тўлаб берилади. Бунда ҳар ой якунида ишга қабул қилинган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳақиқатдан ишлаётгани мониторинг қилиб борилади.