Ўзбекистон муқаддас Рамазон ойи кунларида Кобул, Мозори-Шариф ва Қундуз шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатларини қатъий қоралайди, дейилади ТИВ хабарида.

«Тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга сабаб бўлган зўравонлик ҳаракатлари Афғонистонда барқарор тинчлик ва миллий тотувлик ўрнатилишига тўсқинлик қилади», — дейилади баёнотда.

Ўзбекистон томони ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.

Аввалроқ хабар қилинганидек, 19 апрель куни Қобулдаги иккита мактабда содир бўлган учта портлаш оқибатида камида олти киши ҳалок бўлган, 20га яқин инсон жароҳатланган. Мозори-Шарифдаги шиалар масжидида содир бўлган портлаш оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлган, 80 киши яраланган. Қундуздаги масжидда содир бўлган портлашда камида 10 киши ҳалок бўлиб, 15 инсон яраланган. Шунингдек, BBC News ҳам мамалакат шарқидаги Нангарҳор вилоятида содир бўлган портлашда тўрт киши ҳалок бўлиб, бир киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган.