Маъмур Аҳлидинов ва Дилмурод Юсуповнинг мақолалари ўзбек имо-ишора тилига Гулнора Маҳкамова томонидан таржима қилинган.

2020 йилнинг сентябрида ўзбек имо-ишора тилининг (ЎИТ) ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш зарурлиги, бу, ўз навбатида, мамлакатимизда унинг ривожланишига хизмат қилиши ҳақида ёзган эдик. 2020 йил 2 декабрь куни эса Вазирлар Маҳкамасининг «Имо-ишора тилини ривожлантириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Бироқ орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса ҳам, мазкур ҳужжат ҳалигача қабул қилингани йўқ.

2 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг шунга ўхшаш қарори лойиҳаси яна бир бор жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Аммо узоқ давом этган танаффусга қарамай, қарор лойиҳаси ҳамон хом бўлиб, Ўзбекистондаги карлар жамиятида кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда.

Қарор лойиҳасининг февраль ойидаги матнида кўплаб вазифаларни амалга ошириш муддати ва бошланиш санаси жорий йилнинг «1 январига қадар» ёки «1 январдан» деб кўрсатилгани ажабланарли. Масалан, имо-ишора тилини ўргатиш бўйича ўқув марказлари фаолияти 2022 йил 1 январдан бошланиши керак. Бундай расмиятчилик ҳужжат лойиҳаси олти ой аввал эълон қилиниши керак, деган фикрни уйғотади.

Лойиҳа нима учун ва ким учун муҳокамага қўйилган?

Биринчидан, биз чиндан ҳам имо-ишора тилини ривожлантирмоқчи бўлсак, бундай қарорларни муҳокама қилаётганда, эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган одамларни улар учун тушунарли мулоқот форматларида хабардор қилишимиз лозим.

Парадокс шундаки, имо-ишора тилини ривожлантириш тўғрисидаги қарор лойиҳасига ўзбек имо-ишора тилидаги таржимаси илова қилинмаган. Ахир энг яхши экспертлар — карлар ва эшитиш қобилияти заиф одамларнинг ўзлари-ку! Айнан улар имо-ишора тилининг ташувчилари ҳисобланиб, ҳаётий тажрибаларига асосланган ҳолда унинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган барча муаммоларни яхшироқ билишади.

Нима учун мазкур ҳужжатни ишлаб чиққан Халқ таълими вазирлиги уни муҳокамага қўйишдан олдин қарор ишлаб чиқилаётгани ҳақида кар ва заиф эшитувчилар ҳамжамиятини улар тушунадиган имо-ишора тилида хабардор қилиб, уларни ушбу жараёнга жалб этмади? Бир ўхшатишни келтириб ўтайлик: ўзбек тили ўз она тили бўлган халқнинг ўзини фаол муҳокамага жалб қилмасдан туриб, ўзбек тилини ривожлантириш бўйича қарор қабул қилиш мумкинми? Йўқ!

Ахборотдан ўз вақтида фойдаланиш ва қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этиш имкониятларини таъминламаслик кар ва заиф эшитувчи фуқаролар ҳуқуқларининг қўпол бузилиши ҳисобланади. Натижада, ҳужжатнинг онлайн муҳокамасида ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотларининг фақат икки нафар вакили қатнаша олди, холос.

Ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида 30 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотларини бирлаштирган Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси раиси Ойбек Исоқов ўнта алоҳида таклиф қолдирди. Улардан фақат иккитаси ХТВ томонидан қабул қилинган.

Қолган саккизтаси ҳужжат «мавзусига мос келмаслиги» ва аввалроқ «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунда белгилангани сабабли кўриб чиқилмаган. Бироқ таклифлар қарор лойиҳасининг мавзуси ва предметига мос келмаслиги ҳамда мазкур таклифлар қонуннинг қайси моддасида қай даражада ўз аксини топгани ҳақида аниқ тушунтиришлар берилмаган.


Фото: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган қарор лойиҳасидан скриншот.

Ўзбекистон карлар жамияти блоги муаллифи Маъмур Аҳлиддинов томонидан билдирилган айрим таклифлар ишлаб чиқилган лойиҳанинг асосий мавзуси бўлмагани учун қисман қабул қилинди. ХТВ уларнинг баъзилари лойиҳа ҳужжатини такомиллаштириш учун ишлатилишини қайд этди.

Хўш, ундай бўлса, муҳокама ким учун ва нима учун ўтказилди? Ҳужжат ҳеч қаерда ўзбек имо-ишора тилида — на реал вақт режимида ва на видео шаклида тақдим этилмаган, икки эксперт томонидан илгари сурилган таклифлар ҳам рад қилинган бўлса?

Имо-ишора тилларининг глобал тан олиниши

Кўпгина мамлакатларда имо-ишора тиллари узоқ вақтдан бери расмий ҳуқуқий мақомга эга тўлақонли тиллар сифатида тан олинган. Бутунжаҳон карлар федерацияси (WFD) миллий имо-ишора тилларининг қонуний тан олинишини мунтазам равишда кузатиб боради. Ташкилот бундай қонунчиликнинг йўқлигини карларнинг асосий ҳуқуқларининг жиддий бузилиши, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон 2021 йил июнь ойида ратификация қилган «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенцияга мувофиқ, мамлакатимиз ҳам ўзбек имо-ишора тилининг юридик тан олинишини қўллаб-қувватлаш мажбуриятини зиммасига олган.

WFD маълумотларига кўра, имо-ишора тиллари дунёнинг 71 мамлакатида ҳуқуқий мақомга эга. Шу билан бирга, имо-ишора тилларининг ҳуқуқий мақомини таъминлашнинг бир қанча шакллари мавжуд. Бу қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин: умумий қонун ёки қоидаларда қайсидир даражада юридик тан олиниши; конституциявий тан олиниши; умумий тил қонунчилигида тан олиниши; имо-ишора тилига оид алоҳида қонун ёки акт; қонунчиликдаги ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги меъёрлар ва бошқа шакллар.


Миллий имо-ишора тилларининг юридик тан олиниши (2021 йил декабрь ҳолатига кўра). Манба: Бутунжаҳон карлар федерацияси

Юқоридаги тасвирда Ўзбекистон икки хил — кўк ва қизил ранг билан белгиланган. Мовий кўрсаткич мамлакатимизда имо-ишора тили 2020 йилда ногиронлик бўйича миллий қонунчиликда расман эътироф этилганини англатади. Афтидан, гап 2021 йил 16 январда кучга кирган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги янги қонун ҳақида бормоқда.

Тўлақонли тилнинг ўзгармас маиший ҳолати

Қарор лойиҳаси номининг ўзидаёқ ўзбек имо-ишора тилига шахслараро мулоқот воситаси сифатидаги таъриф аллақачон киритилган. «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасида ҳам имо-ишора тили фақат «шахслараро мулоқот воситаси» сифатида эътироф этилган ва қўллаб-қувватланган.

Аслида, янги қонун ҳеч нарсани ўзгартирмади. ЎИТ мақоми бу ерда ҳеч қандай тарзда мустаҳкамланмаган, чунки «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида» ги эски қонуннинг 22-моддасида «шахслараро мулоқот воситаси сифатида имо-ишора тили» нинг шунга ўхшаш тан олиниши аллақачон қўлланилган. Шу билан бирга, ҳар иккала қонунда ҳам нотўғри атамалар ишлатилган.

«Имо-ишора тили» ва «Ўзбек имо-ишора тили» атамалари ўртасида катта фарқ бор. Имо-ишора тили тана тили ёрдамида оғзаки бўлмаган мулоқотдир, ўзбек имо-ишора тили эса ўзбек, рус, инглиз ёки бошқа тиллар сингари тўлақонли тил ҳисобланади.

Қарор лойиҳасида қўлланилган атамалардан келиб чиқадиган бўлсак, ишлаб чиқувчилар ногиронлиги бўлмаган шахслардир. Матнда ногиронлар ва «соғлом» одамларнинг нотўғри бўлиниши устунлик қилади. Масалан, 2-бандда «ноғиронлиги бўлган шахслар ва соғлом инсонлар ўртасидаги» жумласи ишлатилган.

Шуни эсда сақлаш керакки, карлар — «касаллар» эмас. Ногиронликни тиббийлаштириш ногиронликнинг ижтимоий моделини илгари сурувчи БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларига зиддир. Имо-ишоралар тили, бу — кар ва заиф эшитувчилар жамияти ўзига хослигининг ноёб маданий қисмидир.

Аввалги мақолада биз ЎИТнинг маиший мақомини шахслараро мулоқот воситаси сифатида қайта кўриб чиқишни ва уни бошқа тўлақонли тиллар каби таълим олиш мумкин бўлган расмий тил сифатида қабул қилишни таклиф этган эдик.

Кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида ЎИТнинг чекланган мақоми туфайли яқин вақтларгача таълим жараёнларида ундан фойдаланиш мушкул эди. Педагогика олий ўқув юртларида ЎИТ дарс соатлари кам эди, кўплаб махсус мактаб ўқитувчилари ҳали ҳам ўзбек имо-ишора тилини профессионал даражада билишмайди.

Таълим олишда карларнинг камситилиши

Айни пайтда 2 фоизлик квота асосида ўқишга кирган қарийб барча кар ва заиф эшитувчи талабаларнинг малакали сурдо-таржимонсиз таҳсил олаётганлари уларнинг сифатли олий таълим олиш ҳуқуқларини поймол қилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Миллий университетининг «Таэквондо ва спорт фаолияти» факультетида бир академик гуруҳда тўрт нафар эшитишида нуқсони бўлган талаба таҳсил олмоқда. Аммо улар учун имо-ишора тили хизматлари кўрсатилмаган.

Таржима хизматлари бўлмагани сабабли зарур билим ва кўникмаларни эгаллай олмаган эшитишда нуқсони бўлган талабалар ўқишни тамомлагандан сўнг қандай мутахассис бўлиб етишадилар? Бундай ижтимоий хизматлар кўрсатишга ким ва қайси идора масъул экани ҳалигача тушунарли эмас — олий ўқув юртларининг ўзими, Тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш агентлигими ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигими?

Шуни эсда тутиш керакки, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга кўра, давлатнинг ногиронлиги бўлган шахсларни «оқилона мослаштириш» билан таъминламаслиги ногиронлик аломати бўйича дискриминация кўринишларидан бири ҳисобланади. Бундай ҳолларда оқилона мослаштириш, бу — малакали ўзбек сурдо-таржимонидир. Бошқача қилиб айтганда, ЎИТ, бу — нафақат шахслараро мулоқот, балки таълим олиш воситаси ҳамдир. Бироқ профессионал таржимонларнинг кескин тақчиллиги туфайли ушбу хизматни тақдим этиш жуда қийин.

Ўзбек имо-ишора тилининг эскирган луғати

Ўзбек имо-ишора тилини ўрганиш бўйича стандартлаштирилган ўқув-услубий қўлланмаларнинг йўқлиги унинг ривожланишини янада оғирлаштирмоқда. Карлар жамияти орасида тилнинг ўзгарувчанлиги кучайиб бормоқда, тилнинг ўзи ҳам вақт ўтиши билан ўзгаришларга учраб, ривожланиб бормоқда. Масалан, маълумот даражаси паст бўлган карлар орасида «кўча имо-ишора тили» деб аталадиган тил қўлланилади.

Шу сабабли, ЎИТни унификациялаш ва стандартлаштириш учун муомалага кирган энг кўп ишлатиладиган ҳамда янги имо-ишораларни танлаш ва аниқлаш бўйича доимий ишларни олиб бориш жуда зарур.

2005 йилда ўзбек имо-ишора тилини тизимлаштириш мақсадида Ўзбекистон карлар жамияти Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида илк бор ЎИТ луғатини нашр эттирди. Ҳозирда ягона бўлган ЎИТ луғати JICA`нинг молиявий кўмагида чекланган ададда нашр этилган эди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бу каби нашрлар аллақачон кўргазмали ўқув ва услубий қўлланмалар сифатида қўлланилмоқда ва ихтисослаштирилган мактаблар ва университетларда ЎИТни касбий ўқитишда ёрдами тегмоқда.


Биринчи ўзбек имо-ишора тили луғати «Ўзбекистон карларининг имо-ишорали нутқи», 2005 йил нашри. Фото Ўзбекистон карлар жамияти томонидан тақдим этилган

Афсуски, ўн етти йилдан ортиқ вақт давомида ЎИТни тизимлаштириш бўйича бундай ишлар амалга оширилмади. Ўзбекистон карлар жамияти бу борадаги ишларни мунтазам олиб бориш учун зарур ташкилий салоҳият ва молиявий имкониятларга эга эмас.

ХТВ томонидан тайёрланган ЎИТни ривожлантириш тўғрисидаги қарор лойиҳасида ўзбек имо-ишора тилининг бугунги ҳолатини акс эттирувчи шу каби луғатларни яратиш (янгилаш) зарурлиги эсга олинмаган ва бу бўйича аниқ вазифалар қўйилмаган.


«Ўзбекистон карларининг имо-ишора нутқи» луғатидан саҳифалар. Фото Ўзбекистон карлар жамияти томонидан тақдим этилган

Ўзбек дактиль алифбоси

Қарор лойиҳасининг бешинчи бандида ХТВга Молия вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 январдан бошлаб уч ой муддатда «Лотинчадаги ўзбек имо-ишора тили алифбоси»ни ишлаб чиқиш вазифаси юкланган. Бу тез орада лотинчадаги янги дактиль алифбоси қабул қилинишини англатади.

Қарор лойиҳасида жисмоний, сенсорли, ақлий ёки ментал ривожланишида нуқсони бўлган болалар (шахслар) учун таълим муассасаларида имо-ишора тилини ўқитишнинг инновацион воситалари, ўқитишнинг самарали шакл ва услубларини таълим жараёнига жорий этиш зарурлиги қайд этилган. Эшитиш қобилиятидан бошқа ногиронлиги бўлган болаларга имо-ишора тилини ўргатиш нима учун кераклиги эса тушунарсиз.

Ҳужжатда, шунингдек, кўзи ожиз одамлар томонидан қўлланиладиган Брайл алифбосини ўргатиш бўйича фаолият йўналишлари ҳам мавжуд. Бироқ, шу билан бирга, лойиҳада кар-кўр одамлар томонидан қўлланиладиган тактил имо-ишора тилини (тегиниш орқали ишора тили) ривожлантириш ҳақида гапирилмаган. Зеро бир вақтнинг ўзида ҳам эшитиш, ҳам кўриш қобилияти бузилган шахслар тифлосурдотаржимон (тегиниш орқали имо-ишора тилидан таржима) ёрдамида мулоқот қилишади.

Карларнинг кундалик ҳаётида ҳали ҳам рус дактил алифбоси кенг қўлланилади. ЎИТ бутунлай рус имо-ишора тилига (РИТ) ва кирилл ёзувидаги рус дактиль алифбосига асосланган. Айтиш мумкинки, ЎИТ қайсидир маънода РИТнинг шеваси ҳисобланади, чунки унда аллақачон Ўзбекистоннинг ижтимоий-маданий контекстига хос имо-ишоралар кенг қўлланилади.


Рус дактиль алифбоси.

Бироқ 1997 йилда ўзбек тилли кар ва эшитмайдиган болалар мактаб-интернатларининг барча ўқитувчи ва тарбиячилари махсус малака ошириш курсларини тамомладилар. Ўшанда тажриба тариқасида уларга лотин алифбосига асосланган дактиль алифбосини ўргата бошладилар.

Тайёрлов синфларидан бошлаб барча мактаб-интернатлар лотин алифбосига ўтди. Ҳатто ўрта мактаб ўқувчиларига ҳам лотин дактиль алифбоси махсус ўргатилган. Ҳозирги кунда эса фақат Сурхондарёдаги кар болалар мактаб-интернатида ўқувчилар тўлиқ лотин дактил алифбосини астойдил ўрганишмоқда.

Кирилл алифбосидаги дактиль алифбоси халқ таълими тизими мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган лотин дактиль алифбосидан фарқ қилади. Шу муносабат билан, ҳатто карлар жамиятида ҳам лотин дактилига ўтиш зарурати ҳақида баҳслар мавжуд. Масалан, «Л» ва «L», «Д» ва «D» ҳарфлари бир-биридан тубдан фарқ қилади.


Жиззах шаҳридаги кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактабда ўзбек имо-ишора тилининг лотин ёзувидаги дактиль алифбоси тасвирланган плакат. Фото: Маъмур Аҳлидинов

Қайта ўқитиш ва қайта ўқиш қийин: ҳамма нарсани ҳисобга олиш керак

2020 йил ноябрь ойи охирида Маъмур Аҳлидинов Жиззахдаги эшитиш қобилияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ташриф буюриб, айрим болалар ишлатадиган дактиль алифбоси бошқачароқ эканидан ҳайратда қолган эди. Шунингдек, у Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани, Бухоро, Самарқанд, Олмалиқ шаҳарларидаги ихтисослаштирилган мактабларда ҳам бўлди. Ўқувчилар билан имо-ишора тилида гаплашиш қийин бўлган, баъзида улар бир-бирини тушунмай қолишган.

Бир нечта дактиль алифболарнинг мавжудлиги ҳалигача кириллча дактиль алифбосидан фойдаланадиган карларнинг ёш ва катта авлодлари ўртасида алоқа бўшлиғининг шаклланишига олиб келиши мумкин. Кирилл алифбосига анчадан бери ўрганиб қолган кекса авлод вакилларининг лотин алифбосига ўтишлари қийин — ўзбек тили алифбоси ислоҳотидан кейин айнан шундай бўлди.

Афсуски, янги дактиль алифболарнинг барчаси Ўзбекистондаги имо-ишора тилида сўзлашувчилар ва фойдаланувчилар жамоаси билан муҳокама қилинмасдан ишлаб чиқилмоқда. Лотин дактиль алифбосини Ўзбекистон карлар жамияти раҳбарияти ва аъзолари, профессионал сурдо-таржимонлар, шунингдек, «Имо-ишора тили таълими» йўналиши бўйича педагогика олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ўқитувчилари билан яқин ҳамкорликда ривожлантиришга чақирамиз.

2020 йил охирида ХТВ юқоридаги вакиллар билан биргаликда лотин дактиль алифбосининг навбатдаги версиясини ишлаб чиқди. Аммо 2021 йилнинг март ойида ижтимоий тармоқларда ўзбек тилидаги «Sh», «Ch», «G‘», «O‘» ҳарфларининг ёзилиши ўзгариши мумкинлиги фаол муҳокама қилина бошлади. Лотин алифбосига асосланган ўзбек тилининг янги алифбоси қачон якуний тасдиқланиши эса ҳозирча ноаниқ.

Агар бундай ўзгаришлар тез-тез рўй берадиган бўлса, бу лотин дактиль алифбосига асосланган ЎИТнинг ривожланишига ҳам салбий таъсир қилади.

Шуни ҳисобга олиш лозимки, имо-ишорадаги ҳатто битта энг кичик ўзгариш ҳам карлар жамиятида қарама-қаршиликларни келтириб чиқариши ва уларнинг жамият билан мулоқотини чеклаши мумкин. Ўзбек имо-ишора тилини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш жараёнига карлар жамиятининг ўзи ҳам киритилмагани вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.

ЎИТни унинг ташувчиларисиз ривожлантириш мумкин эмас!

Қарор лойиҳасининг номи ва моҳиятидан тортиб, ҳужжатни ўзбек имо-ишора тилини ривожлантириш бўйича энг муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарур. Ўзбек имо-ишора тилини ривожлантириш бўйича вазифалар ва муддатлар кўрсатилганда, бу вақт оралиғи, нималар амалга ошириш мумкинлиги, қандай харажатлар талаб этилишини реал баҳолаш зарур. Ахир қандай қилиб уч ой муддатда имо-ишора тилини ўргатувчи ўқув маркази тўғрисидаги низомни ушбу марказ қандай молиявий ва илмий асосда ташкил этилишини кўрсатмаган ҳолда тасдиқлаш мумкин?

Шунингдек, ўзбек имо-ишора тилини ривожлантириш бўйича кўплаб таклифларни амалга ошириш учун молиявий ресурслар зарур. Айнан шундай қарорда ҳар бир модда бўйича аниқ бюджет белгиланиши керак. Карлар жамиятининг ҳуқуқ ва манфаатларига тўғри келмайдиган яна бир бажарилмас ҳужжатни қабул қилмаслик учун аввалдан имо-ишора тилида сўзлашувчиларнинг ўзларини ҳақиқий мутахассис сифатида жалб этиш зарур.

Имо-ишора тилини ривожлантириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги: «Бизсиз биз ҳақимизда ҳеч нарса» асосий халқаро тамойилига риоя қилган ҳолда бевосита унинг ташувчиларисиз ишлаб чиқишнинг имкони йўқ.

Маъмур Аҳлидинов — Ўзбекистон карлар жамияти блогининг Ўзбекистондаги кар ва зафи эшитувчилар учун таълим, илм-фан, спорт ва маданият мавзуларини ёритадиган муаллифи, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.

Дилмурод Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия) Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти.

Муаллифлар фикри таҳририят нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин.