Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилди, дея хабар бермоқда Департамент матбуот хизмати.

Унда маълум бўлишича, «Н. Н.» фермер хўжалиги раҳбари Н. Н. якка тартибдаги тадбиркор Н. М. ва фуқаро М. Ш. га хўжаликнинг сувли ер майдонидан деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун ер ажратиб беришни ваъда қилган. У тадбиркор Н.нинг 9500 АҚШ доллари ва фуқаро Ш. нинг 10,2 минг долларини олиб, Самарқанд тумани ҳокимининг 2020 йил 31 декабрдаги сохта қарорини ариза муаллифларига тақдим қилган.

Текширув давомида Н.Н. томонидан ўз айбига иқрор бўлиб, 500 доллар ва 4,5 млн сўмни ихтиёрий қайтаргани процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229−6-моддаси (суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.