Қарши шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятнинг долзарб муаммоларидан бири бўлган уй-жой масаласига ҳам эътибор қаратилган. Бу ҳақда блогер Азиза Қурбонова хабар берди.

Президентнинг таъкидлашича, вилоятда жорий йилда жами 5036 квартирали 143 та кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилади. Косон туманининг «Дўстлик», Яккабоғ туманининг «Айғиркўл» маҳаллаларида ва Кўкдала туманининг Еттитом шаҳарчасида «Янги Ўзбекистон» массивларининг қурилиши бошланган.

«Бунда, шу йилнинг ўзида 1316 квартирали 65 та кўп қаватли уйлар, 3 та боғча, 3 та мактаб, 1 та тиббиёт муассасаси ва кўплаб замонавий хизмат кўрсатиш объектлари қурилади», — деди президент.

Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз» томонидан янги ташкил этилган GTL заводи ишчиларини уй-жой билан таъминлаш учун Ғузор туманида ҳам «Янги Ўзбекистон» массиви барпо этилади ва жорий йилда 200 хонадонли 10 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилади.

Йиғилишда жорий йилда вилоят аҳолисига 730 млрд сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда 1795 та эҳтиёжманд оилага 72 млрд сўм субсидия ажратилиши маълум қилинди.

Шунингдек, бу йил 30 та қишлоқ ва маҳаллалар «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари билан қамраб олиниб, бунга 460 млрд сўм йўналтирилади.

Натижада, 131 минг нафар аҳоли, жумладан «Темир», «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарларига киритилган 4 минг нафар фуқаронинг яшаш шароити яхшиланади.

Яна 99 та кўп қаватли уйларни таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш, болалар майдончаларини қуришга 36 млрд сўм йўналтирилади.