Ўзбекистон Афғонистондаги террорчилик ҳаракатларини қоралади

Ўзбекистон ТИВ Афғонистоннинг Кобул, Мозори-Шариф ва Қундуз шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатларини қоралаб баёнот берди. Ўзбекистон томони ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

«Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонасидаги 101 та экспонатнинг сохталиги аниқланди

«Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонасида ўтказилган ўрганишларда ноёб деб келинган 101 та музей ашёсининг кирим китобидаги тавсифномалари ўлчам, материал, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги аниқланди. Тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.

Президент Қашқадарё вилоятидаги ичимлик сув, ижтимоий соҳа ва ишсизлик муаммоларига эътибор қаратди

Президент Қашқадарё вилоятига сафари давомида вилоятнинг долзарб муаммоларига эътибор қаратди. Жорий йилда вилоятга ижтимоий соҳа ва инфратузилмани яхшилаш учун республика бюджетидан қўшимча 360 млрд сўм ажратилади. Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз ва Китоб туманларини сув билан таъминлаш учун «Аёқчисой» сел сув омбори қурилади. 9 мингдан зиёд аҳолининг газ таъминоти қайта тикланади. Ишсизликни камайтириш учун 270 та саноат лойиҳалари дастури шакллантирилади. 40 минг гектардан ортиқ ерлар қайта фойдаланишга киритилади.

Андижонда болалар боғчасининг 4 ёшли тарбияланувчиси уйқу вақтида вафот этди

Олтинкўл туманидаги 31-мактабгача таълим ташкилотининг 4 ёшли тарбияланувчиси уйқу вақтида оламдан ўтди. У тарбиячи болаларни уйқудан уйғотган вақтида қайтиб ўрнидан турмаган. Ташкилот ҳамшираси болада ҳеч қандай касаллик аломатлари кузатилмаганини айтди.

Муротжон Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди

2021 йил ноябрь ойидан буён Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Муротжон Азимов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси иш фаолиятини тўлиқ тиклади

Ўзбекистоннинг Киев шаҳридаги элчихонаси 22 апрелдан ўз иш фаолиятини тўлиқ тиклагани маълум қилинди. Элчихона вақтинча Львов шаҳрида фаолият кўрсатаётган эди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия берилади

Ҳукумат қарори билан ногиронлиги бор кишиларни ишга олган шахсларга ҳар бир ходим учун БҲМнинг1,5 баравари (405 минг сўм) миқдорида субсидия берилади. Мазкур тартиб бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан амал қилмайди.

Ўзбек банклари санкцияга тушган банклар билан ишлашда иккиламчи санкциялардан қочишга ҳаракат қилмоқда

Ўзбекистонда банклар қатъий санкцияга тушган банклардан олинган кредитларни иккиламчи санкциялар хавфини яратмасдан қайтариш бўйича халқаро юридик консалтинг компанияларини жалб қилмоқда, дея хабар қилди МБ.

Нобанк ташкилотларга исломий молиялаштириш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи берилди

Эндиликда нобанк ташкилотлар исломий молиялаштириш асосида хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Шунингдек, нобанк ташкилотларнинг суғурта, омонат ва савдо ишлари бўйича фаолиятига чеклов ўрнатилган.

Ўзбекистондаги йирик савдо тармоқлари озиқ-овқат исрофгарчилигини камайтирмоқчи

Адлия вазирлиги ва Ўзбекистондаги йирик савдо тармоқлари вакиллари озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Шу мақсадда фудшеринг платформасини ишга тушириш режалаштирилган. Статистикага кўра, Тошкентда ҳар куни 2 тонна нон маҳсулотлари, республика бўйлаб йилига 3 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига ташланади.

Украинадан қайтган талабалар ўқишини Ўзбекистонга соддалашган тартибда кўчиришга рухсат этилди

Украинадан қайтган талабалар 26 апрелдан бошлаб ўқишларини Ўзбекистондаги университетларга соддалаштирилган тартибда кўчиришлари мумкин, бироқ истиснолар ҳам бор.

Доллар тақчиллиги ёки катта миқдорда рублнинг кириб келиши кузатилмаяпти — Марказий банк

Марказий банк мамлакатда доллар ва евро танқислиги, шунингдек катта миқдордаги рублнинг кириб келиши кузатилмаётганини маълум қилди. Шунингдек, хорижий валюта операциялари бўйича чекловлар кўриб чиқилмаётгани қайд этилди. Регулятор журналист ва блогерлар саволларига берган жавобларнинг муҳим қисмлари «Газета.uz» материалида.

Якшанба куни ёмғир ёғиши кутилмоқда

Шанба куни Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида қуруқ ва илиқ ҳаво давом этади, якшанба куни ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат бироз пасайиб, кундузи +25 даражадан ошмайди.

Келгуси ҳафтада кучли ёмғир ва дўл ёғиши мумкин, аксарият ҳудудларга сел келиши хавфи бор

24−25 апрель кунлари ёмғир ёғиши, баъзи ҳудудларда ёмғир кучайиши ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Айрим жойларда дўл ёғиши мумкин, шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучаяди. Шунингдек, Ўзгидромет республиканинг қарийб барча ҳудудларида сел-сув тошқинлари кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Қашқадарёда аҳолига 730 млрд сўм имтиёзли ипотека кредитлари, эҳтиёжманд оилаларга 72 млрд сўм субсидия ажратилади

Президент Қашқадарёда 143 та кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилишини маълум қилди. Вилоят аҳолисига жорий йилда 730 млрд сўм имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда эҳтиёжманд оилаларга 72 млрд сўм субсидия ажратилади. Шунингдек, 30 та қишлоқ ва маҳаллалар «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари билан қамраб олинади.

Никоҳни расмийлаштиришдаги 1 ойлик муддатни бекор қилиш таклиф этилмоқда

Фуқароларнинг никоҳини ФҲДЁга ариза берилганидан бир ой ўтиб расмийлаштириш тартибини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Никоҳни тиббий кўрикдан сўнг қайд этиш мумкин.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Биз ҳақимизда бизсиз қарор: ўзбек имо-ишора тилини унинг ташувчиларисиз ривожлантиришмоқчими?

Февраль ойида ҳукуматнинг ўзбек имо-ишора тилини шахслараро мулоқот воситаси сифатида ривожлантириш тўғрисидаги қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда яна ногиронликнинг ижтимоий модели эмас, тиббий жиҳатига эътибор қаратилган. Карлар ҳуқуқлари фаоли Маъмур Аҳлиддинов ва «Газета.uz» колумнисти Дилмурод Юсупов ҳужжатнинг хом эканлигини таъкидлаб, уни такомиллаштиришни таклиф қилишмоқда.

Матильда Димовска: «Яшил макон» лойиҳаси пухта режалаштириш ва самарали мувофиқлаштиришни талаб қилади

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг фикрича, «Яшил макон»нинг бутун мамлакат бўйлаб 1 млрд дарахт экиш бўйича катта лойиҳаси ҳавони тозалаш ва одамлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади. Шу билан бирга, дарахтларни экиш ва парваришлаш жараёнини бошқариш бўйича комплекс ёндашув қабул қилинмаса, дарахтларнинг тақдири мавҳум бўлиб қолади. Шунинг учун кўчат экишни техник-иқтисодий асослаш ва лойиҳа иштирокчиларининг саъй-ҳаракатларини самарали мувофиқлаштириш тизими зарур.