Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Пахтаобод тумани бўлимлари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди, дея хабар бермоқда Департамент матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, Пахтаобод тумани ирригация бўлимида ишловчи Ш. Д. фуқаро Г. га туман ҳокимлиги захирасидаги 10 сотих ер майдонини уй-жой қуриш учун 10 минг АҚШ долларига сотишга келишган. У ер майдони ҳужжатларини Кадастрлар палатаси Пахтаобод туманида ишловчи укаси Н. Д. орқали тайёрлаб беришни ваъда қилиб, ўзининг хизмат ҳақи 100 доллар бўлишини айтган. Гумонланувчи 10,1 минг долларни укаси Н.Д. билан биргаликда олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Навоийда давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида мини стадион қуришга ажратилган ерни $50 мингга сотишга уринган шахс ушлангани ҳақида ёзган эдик.