Президентнинг 20 апрелдаги фармони билан айрим нодавлат ташкилотлар «Электрон ҳукумат» тизими орқали шахсга доир маълумотларни олиш имкониятига эга бўлмоқда.

Унга кўра, 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги нодавлат ташкилотларга «Электрон ҳукумат» тизими орқали олиниши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади:

  • тижорат банклари;
  • телекоммуникация ташкилотлари;
  • хусусий тиббиёт муассасалари;
  • нодавлат таълим ташкилотлари;
  • суғурта ташкилотлари.

Мазкур ташкилотлар шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда учинчи шахсларга маълум қилмаслик бўйича зарур ташкилий ва техник чораларни кўриши шарт. Бунда, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиш тегишли лицензиянинг талаб ва шартларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, шахсга доир маълумотларнинг конфиденциаллигини ва ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида 1 августдан бошлаб шахсга доир маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизимидан фойдаланган ҳолда олишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

  • давлат органлари томонидан шахсга доир маълумотлар «Электрон ҳукумат» тизими орқали сўраб олинганда шахсга доир маълумотлар субъектининг ЯИДХПдаги шахсий кабинети ёки Мобил-ID тизими орқали идентификациядан ўтган мобил телефон рақамига бу ҳақида хабарнома юборилади (бундан давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган ҳолатлар мустасно);
  • хўжалик бирлашмалари, давлат ташкилотлари ва муассасалари, «Электрон ҳукумат» тизимидан фойдаланишга рухсат берилган нодавлат ташкилотлар томонидан ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатишда шахсга доир маълумотлар унинг субъекти розилиги билан «Электрон ҳукумат» тизими орқали тақдим этилади. Бунда, маълумотлар тегишли ташкилотга шахсга доир маълумотлар субъектининг ЯИДХПдаги шахсий кабинети ёки Мобил-ID тизими орқали идентификациядан ўтган мобил телефон рақамидан тасдиқ олингандан сўнг «Электрон ҳукумат» тизими орқали тақдим этилади.

Давлат персоналлаштириш марказига Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ваколат, функция ва фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда, «Электрон ҳукумат» тизими орқали шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш доираси ва чегараларини белгилаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.