13 апрель куни ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани «Нурли келажак» маҳалласида яшовчи аёллар булоқ сувини талашаётгани акст этган видео тарқалди. Унда аёллар фарзандлари уйида бир неча кундан бери сувсиз ўтиришганини айтади. Видео тасвирга олиш пайтида навбатда турган аёллар бир пақир сув олиш учун уришиб кетишганини кўриш мумкин.

Ушбу вазият юзасидан 21 апрель куни Деҳқонобод ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Унга кўра, воқеа тасвирга олинган жойдаги вазият 19 апрель куни туман ҳокими ўринбосари Шердил Эргашев ҳамда «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖнинг туман бўлими бошлиғи Суюн Алланазаров иштирокида ўрганилган. Аҳолига 2022 йил якунига қадар Оқсув суви тортиб келинишини, Доққи-Бойқўрғон сув қувури таъмирланишини маълум қилган.

«Газета.uz» аҳоли муаммосининг келиб чиқиш сабаби ва айни пайтда ушбу муаммо қандай ҳал қилинаётгани билан қизиқди ва Деҳқонобод ҳокимлиги матбуот котиби Отабек Қўлдошев билан боғланди.

Ҳокимлик вакилининг аниқлик киритишича, «Нурли келажак» МФЙда 2 мингга яқин фуқаро яшайди. У ерда учта қишлоқ бор — Душа, Галабулоқ ва Обиравон. Сўнгги иккита қишлоқнинг ўзида сув ховузлари бор. Видеода тасвирланган вазият Душа қишлоғида содир бўлган бўлиб, ушбу булоқдан 143 та хонадон сув ичади. Ушбу хонадонларда 800 нафарга яқин аҳоли яшайди.

«Бу муаммо йил охиригача ҳал бўлмайди»

«Аҳолининг сув муаммоси, барибир, 2022 йилнинг якунига қолган. Чунки маблағ масаласи — асосий масала. Маблағ бўлмаса, шу кечаю кундузда ҳал қилиб берамиз, деб айтилгани билан, ваъда бажарилмаслиги мумкин. 2022 йилнинг якунида бу бажарилиши мумкин», — деди Отабек Қўлдошев.

Ҳокимлик вакилининг таъкидлашича, Қашқадарё вилоятида 2018 йилдан бери «Оқсув-Деҳқонобод» сув қувури лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унга кўра, ҳудуддаги 310 км ички сув тармоқлари, 2 та 500 м кублик сув сақлаш ҳовузи, 16 та сув тақсимлаш иншооти қуриш белгиланган. Натижада Деҳқонобод туманининг 78 фоизи ёки 116 та қишлоқдаги 112,8 мингдан ортиқ аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилган. Лойиҳага жами 268,4 млрд сўм маблағ ажратилган. 2021 йилнинг майига қадар тоғдан 78,8 км ичимлик сув қувури тортиб келинган. Бу лойиҳанинг биринчи босқичи ҳисобланади. Лойиҳанинг иккинчи босқичи, яъни маҳаллаларга сув таъминотини етказиш — иккинчи босқич бўлиб, у 2022 йилнинг якунича амалга оширилади.

Видеода кўрсатилган муаммо аввалдан ҳам ижтимоий тармоқларда ёритилган

«Ўтган йили Деҳқонободда „Оқсув“ лойиҳаси ишга тушишдан аввал хатто туман марказида ҳам сув катта муаммо бўлиб қолди. Чунки Деҳқонободда эски қудуқлар, булоқлар бўлган, қурғоқчилик келгани сабабли сув бўлмай, булоқлар қуриб қолди. Қарши шаҳридан поезд вагонларида сувлар келтирилган ҳолатлар ҳам бўлди. Деҳқонободнинг ўзига олиб келиниб, ўша жойнинг ўзида тарқатилиб, туман маркази аҳолисига ҳам, ҳудудларга ҳам сувлар етказилди», — дейди Отабек Қўлдошев.

«Бу масала ўтган йили ҳам, икки ой олдин ҳам «Фейсбук»да кўтарилган. Ўтган йили ҳам 2022 йил якунида сув масаласи ҳал қилиниши айтилган», — дейди матбуот котиби.

Унинг таъкидлашича, бу йил яна баҳор мавсумида етарли даражада ёғингарчилик бўлмагани сабабли тоғлардаги булоқлар қурий бошлаган.

Матбуот котиби мурожаатларга қараб аҳолига Сув таъминоти бўлимининг вакиллари 50−60 минг сўмдан автомашинада етказиб бериши мумкинлигини айтди.

«Бу хизмат пулли бўлади. «Оқсув»нинг белгиланган ҳовузларидан олиб бориб берилади. Лойиҳа ишга тушмаса, айнан дастурда кўзда тутилган ишлар амалга оширилмаса, аҳолининг сув борасидаги муаммоси барибир ечилмайди. Уларга, барибир, текинга сув етказилмайди», — деди Отабек Қўлдошев.