1 августдан бошлаб давлат хизматларидан фойдаланишда шахсни аниқлаш учун Мобил-ID тизими жорий этилади. Бу президентнинг 20 апрелдаги давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштиришга оид фармонида кўзда тутилган, дея хабар бермоқда ЎзА.

Мобил-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин. Бундан молиявий хизматлар мустасно.

У «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизими таркибига киради, унга шахснинг хоҳишига қараб мобил телефон рақами идентификацияланади. Идентификациядан ўтиш учун фуқаро ДХМ ёки нотариал идорага ўзи билан шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси)нинг аслини олиб бориши керак.

Марказда ходим фуқаронинг юзини рақамли форматда расмга туширади, электрон шаклда қўл бармоғи изи олади ва мобил телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга боғланади.

Агар фуқаро Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун ЯИДХПнинг мобил иловасидан фойдаланса, масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо қўлланилади ҳамда мобил телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга бепул боғланади. Марказлар ёки нотариал идора фуқароларни Мобил-ID тизимига идентификация қилиш учун 31 декабрга қадар тўлов ундирмайди. 2023 йил 1 январдан бошлаб БҲМ (270 минг сўм)нинг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади.

Маълумот учун, фуқаронинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юбориладиган барча хабарномалар унинг хоҳишига кўра ва белгиланган тўловлар асосида Мобил-ID тизими орқали идентификацияланган мобил телефон рақамига SMS-хабар шаклида юборилади.

Маълумот учун, аввалроқ 1 июлдан 38 турдаги давлат хизматини тасдиқлаш электрон имзо ўрнига мобил телефон ёрдамида амалга оширилиши ҳақида хабар берган эдик.