Хорижда туриб масофавий (онлайн) шаклда фаолият кўрсатиш учун Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олиш талаби бекор қилинмоқда. Бу президентнинг 20 апрелдаги фармонида келтирилган 1 июлдан айрим талаб ва шартлари бекор қилинаётган лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхатидан ўрин олган.

Шунингдек, рўйхатдан мобил иловалардан фойдаланган ҳолда масофадан туриб тиббий консультация ва кўрикни ташкил этишда бинолар, хоналар, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, архитектура ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда, заргарлик буюмлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмларни онлайн-дўкон шаклида сотишда тегишли бино ва иншоот бўлиш талаби бекор қилинмоқда. Эндиликда хориждан келган архитектура ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича хориждан келган буюртмалар бўйича миллий стандарт ва талабларга риоя этиш ҳам шарт бўлмайди.

Харидор томонидан пули тўланган дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб беришда юридик шахсларнинг штатида фармацевт бўлиши лозимлиги, алоқа воситалари орқали маслаҳат берилганда дори воситалари ва тиббий буюмларни етказиб бериш учун жорихона ходими — фармацевтик маълумотга эга мутахассис бўлиши талаблари ҳам ўз кучини йўқотади.

Бундан ташқари, товар, ишлар ва хизматларни реализация қилишда нақд пул маблағлари ҳисобини юритишда фискал хотирали назорат-касса машиналаридан фойдаланиш йўналишида турғун шохобча мавжудлиги ҳамда нақд пул тушуми хизмат кўрсатувчи банк билан инкассация қилинганлиги тўғрисидаги шартнома талаб қилинмайди.