Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Бу Ўзбекистон президентининг 15 апрелдаги қарорида кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январдан бошлаб юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси амалдаги 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилди, бироқ бинолар бўйича солиқ базаси қуйидаги миқдорларда 1 квадрат метр учун белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмаслиги жорий этилди. Бу нархлар ҳудудлар бўйича қуйидагича:

  • Тошкент шаҳрида — 2,5 млн сўм;
  • Нукус ва вилоят марказларида — 1,5 млн сўм;
  • бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда — 1 млн сўм.

Солиқ тўловчиларга юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларининг 1 квадрат метри учун белгиланган минимал миқдор уларнинг қийматидан баланд бўлган ҳолларда, кўчмас мулк қийматини баҳолаш учун баҳоловчиларни жалб қилиш ваколати берилди. Мустақил баҳолаш натижалари солиқ солинадиган база сифатида тан олинади.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда сўнгги икки йил давомида баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда ўтказилган мол-мулкни баҳолаш натижалари асос бўлади.

Бундан ташқари, 1 квадрат метр учун минимал қиймат тартиби (Солиқ кодексининг 412-моддаси) энди миноралар, кўприклар (эстакадалар), резервуарлар (ўт ўчириш иншоотлари, цистерналар), бостирмалар, шийпонлар, бетон майдонлар ва деворлар (бордюрлар) учун қўлланилмайди.

Бунда, белгиланган энг кам мутлақ миқдор қўлланилмайдиган объектларнинг рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Молия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг тадбиркорлик субъектлари ва баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал ташкилотларнинг тавсияларига мувофиқ берилган таклифлари асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.