30 март куни Давлат солиқ қўмитаси Soliq мобил иловаси янгиланганини маълум қилди. Шундан сўнг, илова ишида техник носозликлар, шу жумладан, кешбэк учун чекларни киритиш, кешбэк суммаларини кўрсатиш ва уларни картага ўтказиб олишда бир қатор қийинчиликлар вужудга келди.

Бу ҳақда 1 апрель куни Play Market`да Soliq мобил иловаси изоҳида ҳам фойдаланувчилар ёзиб қолдирган.

«Яқинда янгилангандан сўнг, аввал боғланган барча карталар йўқолди ва ҳисобланган нақд пулнинг умумий миқдори нолга тушди. Карталарни қайта улаш имконсиз. Барча маълумотлар тўғри киритилган бўлса-да, бундай карта мавжуд эмаслигини ёзмоқда. Умид қиламанки, бу муаммоларнинг барчаси яқин келажакда ҳал қилинади», — деб ёзган Максим Починский.


Давлат солиқ қўмитаси ушбу фойдланувчи изоҳига жавоб ёзиб, ундан узр сўраган ва Telegram’дан боғланишни илтимос қилган.

Шундан сўнг, қўмита 17 апрель куни Soliq мобил иловаси яна янгиланиб, оптималлаштирилган интерфейсга эга бўлганини ва баъзи камчиликлар тузатилганини эълон қилди.

Бу янгиланишдан кейин ҳам камчиликлар кузатилишда давом этди. Хусусан, янги харид чекини иловада рўйхатдан ўтказган пайтда кешбэк суммаси ҳисобга олинмасдан аввалдан мавжуд бўлган «Тўловга тасдиқланган» сумма ўзгаришсиз қолаверди.


Илова фойдаланувчилари ҳам камчиликлар ҳақида ёзишда давом этишди. Жумладан, 17 апрель кунига келиб ҳам илова ишлашида узилишлар кузатилгани айтилди.

«Маълумотлар доимий равишда йўқолиб қолаверади. Мен апрель ойидаги чекларни сканерлаганимда улар муваффақиятли ўтганди, лекин версия энг сўнггисига янгиланган бўлса-да апрель ойида иловада битта ҳам чек кўринмаяпти», — деб ёзади Отабек Ҳаятов.


19 апрель куни фойдаланувчилардан бири илова мартга қадар яхши ишлаганини таъкидлади.

«Март ойигача яхши ишлаётган эди. Апрель ойида янгиланишдан сўнг умуман ишламади. Киритилган бирорта чекимни [илова] рўйхатга олмаябди. Апрелдаги бир нечта чекларимнинг барчаси учиб кетибди», — деб ёзган Акром Махкамов.


«Илгари ҳаммаси жуда яхши ишлаётганди. Сўнгги янгиланишдан кейин Mi 10T Pro телефонида чекни сканерлаш тизими ишламаяпти. Бироқ, iPhone 13 Pro ҳаммаси жуда яхши ишлаяпти. Бир қанча бошқа Android`ларда ҳам текшириб кўрдим, уларда ҳам ишламаяпти. Менимча бу муаммо илованинг Android версияси билан боғлиқ. Агар адашаётган бўлсам, тўғриланглар…», — дея изоҳ қолдирган Санжарбек Собиржонов.

Мазкур материал тайёрланиш жараёнида «Газета.uz» ростдан ҳам техник камчиликлар мавжудлигига гувоҳ бўлди. Таъкидлаш жоиз, IOS тизимидаги мобил телефонларда узилишлар деярли кузатилмаяпти, асосий камчилик Android тизимидаги телефонларга тааллуқли.

Бунга изоҳ олиш мақсадида «Газета.uz» мухбири Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати ходимлари билан боғланди. Қўмита вакиллари ўтган ойларда йиғилган кешбэк суммалари тасдиқланмаганлиги юзасидан фуқаролардан мурожаатлар келиб тушаётганини рад этмади.

Қўмита бундай камчиликларга бир нечта омил сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этди:

  • шубҳали харидор чеклари бўлиши мумкин;
  • тадбиркорлик субъекти томонидан солиқ ҳисоботларини топширмаслик ҳолатлари;
  • тадбиркорлик субъектининг ўша давр учун солиқ қарздорлиги мавжудлиги.

ДСҚ қўшимча қилишича, иловага кириш учун СМС хабар орқали тасдиқлаш кодлари келмаётган ҳолатлар кузатилмоқда. «Ушбу ҳолат мобил телефон қурилмасига боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда ҳар бир мурожаатчига индивидуал ёндашув амалга оширилади», — дейилади хабарда.

Қўмита изоҳида апрель ойида рўйхатга олинган чеклар иловада кўринмаслик ҳолатлари бўйича илованинг янги релизи 1.2.5 талқинида камчиликлар бартараф этилгани ва истеъмолчиларнинг тўплаган кешбэк суммалари одатдагидек йиғиб борилаётгани қайд этилган. «Ҳеч қандай салбий ўзгариш йўқ. Март ойида йиғилган кешбэк суммаси апрель ойининг 21−25 саналарида, апрелники эса май ойиниг 21−25 саналарида истеъмолчиларга тўлаб берилади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мобил илова ва хусусан кешбэк тизими билан шуғулланувчи call-markaz (1198) фаолияти йўлга қўйилган.

Қўмита ходими Play Market`га жойлаштирилган мобил илованинг юклаш сахифасига келиб тушаётган хабарларга жавоб бериш учун ходим бириктирилганини, шунингдек солиқ билан боғлик савол ва мурожаатларга жавоб бериш мақсадида «Тадбиркор ва солиқчи», «SoliqUz mobil ilovasi» Telegram-гуруҳи яратилганини айтди.

Қолаверса, истеъмолчиларда кузатилаётган камчиликлар текширилиб, бартараф этилаётгани маълум қилинди.

«Фойдаланувчилар сонининг ошиши билан тизимга юкланма юқори бўлади, бунинг натижасида айрим ҳолатларда техник камчиликлар кузатилиши мумкин. Мобил иловани доимий такомиллаштириб бориш натижасида камчиликлар тест жараёнида текширилади ва амалиётга киритилади», — деди ДСҚ матбуот хизмати вакили.

Материал эълон қилинган вақтда «Газета.uz» ўқувчилари томонидан ҳам мобил илова фаолиятида техник носозликлар ҳануз учраётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорига мувофиқ, 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга ошириб, харид чекини Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи қайтарилиши йўлга қўйилган эди. Илова истеъмолчилар орасида оммалашиб, 26 март ҳолати бўйича февраль ойи учун 183 052 нафар истеъмолчига 18,4 млрд сўм кешбэк тўлаб берилганди.