БМТ Афғонистон пойтахти Кобулда 19 апрель тонгида икки ўғил болалар мактабида содир этилган портлашларни қоралади.

Абдул Раҳим Шаҳид мактаби ва шиалар жамияти жойлашган Мумтоз ўқув маркази яқинида содир бўлган кетма-кет портлашлар оқибатида камида олти киши ҳалок бўлди ва 20 киши яраланди. Қайд этилишича, мактабдаги ҳужум ўқувчилар эрталабки машғулотлардан кетаётганларида содир бўлган.

БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Рамиз Алакбаров 40 йиллик урушдан омон қолган Афғонистон халқи учун мактаблар «болалар ўқиб-ўрганиб яшайдиган хавфсиз жаннат» бўлиши кераклигини таъкидлаб, мактаблар ва унинг атрофидаги зўравонликларни мутлақо қабул қилиб бўлмас" деб атади.

У тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қарши ҳужумлар халқаро гуманитар ҳуқуқ томонидан қатъиян тақиқланганини эслатиб, тергов ва айбдорларни жазолашга чақирди.