Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш тафсилотларини эълон қилди.

Қайд этилишича, 17 апрель куни Раббимов (1977 й. т.) Ш. Самандаров (1998 й. т.) билан Тошкент савдо маркази (Шайхонтоҳур тумани) олдидаги жамоат жойида «шовқин қилиб туришган»

«Шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари келиб, уларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ИИБ биносига таклиф қилишганда, уларга қаршилик кўрсатиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларни омма олдида ҳақорат қилишган», — дейилади хабарда.

Бу ИИВнинг «Чақар» маҳалласида ўтказилаётган санитария-профилактик тадбирлар жараёнида Камолиддин Раббимов хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига асоссиз аралашиб, уларнинг ишига тўсқинлик яратиб, қонуний талабларини бажармагани тўғрисидаги баёнотига мос келмайди.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг маълум қилишича, «ҳуқуқбузарлар К. Раббимов ва Ш. Самандаровнинг ҳаракатлари ишда мавжуд тўпланган далиллар, жабрланувчи З. Турсуновнинг аризаси, гувоҳларнинг тушунтириш хатлари ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган».

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди қарори билан Камолиддин Раббимов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) га асосан узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ш. Самандаров эса ИЖТКнинг 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга БҲМнинг 1 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Ушбу қарор устидан Камолиддин Раббимов томонидан келтирилган апелляция шикояти Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, 18 апрелдаги жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг Камолиддин Раббимовга нисбатан чиқарилган қарори ўзгартирилган ва Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 18 апрелдаги қарори билан унга узил-кесил БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, апелляция шикояти қаноатлантирилди.

Камолиддин Раббимов ўзининг Facebook-саҳифасида уйда эканини маълум қилди.

«17 апрель, кечки соат 19:00 лар атрофида Чорсу бозори ёнида рейд бўлаётганди, қонун устуворлигини шахсий талқинимда ўлчаб, ушбу вазиятга аралашган эдим. Лекин, мен ИИВ ходимларининг ишларига аралашганим хато эканлигини тушунаман. Менга нисбатан, қонун моддаларига кўра, жарималар белгиланган, мен уларни ўз вақтида тўлаш ниятидаман. Қолган тафсилотларини кейинчалик билдиришга ҳаракат қиламан. Илтимос, бу ишни сиёсийлаштирмасликларингизни сўрайман. Бу ерда мен томонимдан йўл қўйилган хатолар мавжуд эди», — деб ёзди у.

Журналист Илёс Сафаров Раббимовнинг қариндошларига таяниб, 17 апрель куни 15:00 да уйдан чиққани сўнгра у билан алоқа узилганини маълум қилганди. Кейинроқ у сиёсатчи билан қўнғироқлашгани, уни тергов изоляторида ушлаб туришганини аниқлади.