Жўраев Хуррам Абдуразикович Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани ҳокими этиб тайинланди, дея хабар берди ЎзА. Хуррам Жўраев янги лавозимга тайинланиши муносабати билан Чироқчи тумани ҳокими лавозимидан озод қилинди.

Чироқчи тумани ҳокими лавозимига эса вилоят ҳокимининг молия-иқтисод масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Эркаев Нодир Худайбердиевич тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг 17 март куни бўлиб ўтган 24-ялпи мажлисида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган эди.

Аввалроқ, «Газета.uz» Қашқадарё ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев 4 январгача барча ходимлар учун дам олиш куни этиб белгиланганига қарамасдан, январь бошидан вилоятдаги ҳоким ёрдамчиларини ишга чақириб олгани ҳақида ёзганди. «1 январдан ҳамма маҳаллада иш бошлаши керак», — деб ёзган у ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда. Нодир Эркаев 3 январь куни ҳоким ёрдамчилари билан Қамаши туманидаги маҳаллаларга ҳам борган.