Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ЙПХ ходимини видеога олиб, уларни камситиш уларнинг оила аъзоларига ёмон таъсир қилишини айтди. Бу ҳақда у ЙПХ ходимлари билан йиғилишда айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳар бир фуқаронинг ўзига яраша муаммоси бор, агар ЙПХ ходимлари уларга битта оғир гап гапирса, муаммолари баттар аланга олади. Шу боис ҳоким ходимлардан иложи борича хушмуомала бўлишни сўради.

Қолаверса, Жаҳонгир Ортиқхўжаев фуқароларга ҳам мурожаат қилди.

«ПЙХ ходимларимиз ҳам кимнидир акаси, кимнидир укаси, отаси. Фуқароларимиз ҳам булар билан муомала қилаётганда оғирроқ бўлишларини, беодоблик қилмасликларини жуда илтимос билан сўраган бўлардим. Тўғри тушунинглар, ҳар бир ЙПХ ходимига қўпол гапириш, видеога олиб, уни интернетга чиқарса, фараз қилинглар, кимдир видео олиб, устидан кулгандай бўлаяпти, ходим [хизматда] 10 соат тургандан кейин уйига борса, уни 16 ёшли вояга етган қизи ёки ўғли, катта ёшли отаси ёки онасига [буни кўриш] оғир», — деди ҳоким.

У шунингдек, арзимаган тортишув ортидан ЙПХ ходимларини суратга олиб, уларни яқинлари олдида шарманда қилиш ўзбек халқига ярашмаслигини таъкидлади.

«Бир ЙПХ ходимининг ҳақоратланиши ёки камситилиши унинг бутун оиласига қаттиқ таъсир қилади. Фуқароларимиз арзимаган жаримани тўламаслик ёки қўпол гапириб қўйганлиги учун ЙПХ ходимларини уйида яшайдиган 10 кишига, уни билган яқинларини олдида шарманда қилиши бизни халқимизга умуман ярашмайдиган ҳолат деб ўйлайман. Бундай беодоблик Тошкентда умуман бўлмаслиги керак», — деди у.

«Фуқароларимиздан ўтиниб сўрайман, ходимлар билан мулоқотда бўлганда ҳудди ўзларини ака-укалари, оталари, жиянлари, энг яқинларидек муомала қилсалар, ўйлайманки, бу пойтахтга ярашади», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Ҳоким ЙПХ ходимларидан бир ҳафта тажриба сифатида ҳайдовчиларга хушмуомала бўлиб, муносабат қилишни сўради. «Фуқароларимиз ўзларининг сизларга бўлган фикрларини, муомалаларини кескин равишда ўзгартиришига 100 фоиз ишончим комил», — деди у.

Бундан ташқари, у пойтахтдаги 900 кишилик ЙПХ таркиби фаолиятини ижобий тарафга ўзгартира олмаса, унинг «ҳоким сифатидаги иши арзимаслигини» қўшимча қилди.